РАШИДОВ Шароф Рашидович (1917.6.11, Жиззах ш. — 1983.31.10, Тошкент) — давлат ва жамоат арбоби, ёзувчи. Жиззах пед. техникумини (1935), СамДУ нинг филология ф-тини тугатган (1941). Самарқанд вилояти газ. да масъул котиб, муҳаррир ўринбосари ва муҳаррир (1937—41,1943). 2-жаҳон уруши қатнашчиси (1941 й. нояб. — 1942). Ўзбекистон КП Самарқанд вилоят комитети котиби (1944—47), «Кизил Ўзбекистон» газ. муҳаррири (1947 — 49), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси бошқаруви раиси (1949—50). Ўзбекистон Олий Совети Президиуми раиси (195059). Ўзбекистон КП МК 1котиби (1959 83). КПСС МК Сиёсий бюроси (Президиуми) аъзолигига номзод (1961—83). 2 марта Меҳнат Қахрамони (1974, 1977).
Рашидов адабиётга шоир сифатида кириб келди ва 1йирик асари — «Чегарачи» достони 1937 й. да нашр қилинди. Фашизмга қарши кураш туйғулари билан сугорилган «Қахрим» шеърлар тўплами 1945 й. да чоп этилди. Рашидов даврнинг муҳим ҳисобланган муаммоларидан бири — қўриқ ва бўз ерларни ўзлаштириш мавзуида «Ғолиблар» қиссасини (1953) езди. 2-жаҳон уруши йилларида фронт орқасида қахрамонона меҳнат қилган халқ ҳаётига бағишланган «Бўрондан кучли» (1958) ва «Қудратли тўлқин» (1964), «Ғолиблар» (1972) романларини яратди. Рашидов халқ ва мамлакат ҳаётида рўй берган воқеаларни давлат ва партия арбоби сифатида мушоҳада этиб, адабиётнинг бадиийлик мезонларидан кўра ғоявийлик тамойилига кўпроқ эътибор берди. Ҳинд халқ афсонаси асосида ёзилган «Кашмир қўшиғи» лирик қиссаси (1956) Рашидов ижодида алоҳида ўринни эгаллайди.
Рашидов республикага раҳбарлик қилган йилларда қатор бунёдкорлик ишлари билан бирга қ. х. ерларидан экстенсив фойдаланиш оқибатида экологик вазиятнинг бузилиши, пахта яккаҳокимлигининг қарор топиши каби нохуш ҳолатлар ҳам юз берди. Рашидов вафотидан сўнг Марказ томонидан тоталитар тузумнинг барча кирдикорлари унга юкланиб, 80-й. лар қатағонида ноҳақ қораланди.
Ўзбекистон мустақилликка эришгач, Рашидовнинг номи окланди ва у Ватанимиз тарихидаги муносиб ўрнини эгаллади. Президент И. А. Каримовнинг ташаббуси билан Рашидов таваллудининг 75 йиллиги нишонланди. Р. Тошкентдаги Халқлар Дўстлиги саройи меъморий мажмуаси учун қурилиш ғоясининг муаллифи ва ижодий раҳбари сифатида вафотидан сўнг Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти билан тақдирланган (1994). Сирдарё вилоятидаги туман, Тошкент ва Жиззах ш. даги кўчалар, мактаблар, маҳаллаларга унинг номи берилган. Жиззахда Рашидов ҳайкали ва музейи бор. «Чиғатой» қабристонига дафн этилган.
Ас: Асарлар [5 ж. ли], 1—5ж. лар, Т., 1981—83; Эрк истар кўнгил [қисса, киносценарий, шеърлар], Т., 1992.
Ад.: Каримов И., Ўзбекистон: миллий истиқлол, иқтисод, сиёсат, мафкура, 1ж., Т., 1996; Рашидов А., Акам ҳақида, Т., 1992; Ризаев С, Шараф Рашидов. Штрихи к портрету, Т., 1992; Мирзаев С, Шермуҳамедов С, Ҳозирги замонўзбек адабиёти тарихи, Т., 1993; Ўзбекистоннинг янги тарихи. 2китоб [Ўзбекистон совет мустамлакачилиги даврида], Т., 2000.