САЪДИЙ

САЪДИЙ Шерозий (тахаллуси; асл исм-шарифи Муслиҳиддин Абу Муҳаммад Абдуллох. ибн Мушрифиддин) (1203/1210 Шероз 1292.9.12) форсигўй шоир, адиб ва мутафаккир. Шарқ халқлари орасида Шайх Саъдий номи билан машҳур. Отаси Шероз отабеги Саъд бинни Занжийнинг мулозимларидан бўлган. Отадан ёш етим қолган Саъдий бошланғич маълумотни туғилган шаҳри Шерозда олгач, таҳсилни халифаликнинг пойтахти, илм ва маданият маркази бўлган Бағдодда давом эттирган. «Низомия» ва «Мустансирия» мадрасаларида диний, филологик, табиий ва аниқфанларни ўрганган. Ўз даврининг донгдор мутасаввифи ва файласуфи Шаҳобиддин Суҳравардий ҳамда йирик илоҳиётшунос Абдулфараж Абдураҳмон ибн Жазвий қўлида таҳсил олган.

Мадрасани тугатган С. Шарқ мамлакатлари бўйлаб 20 йиллик саёҳати давомида, Кичик Осиё я. о., Миср, Хуросон, Шарқий Туркистон, Ҳиндистон каби мамлакатларни баъзан уловда, баъзан пиёда кезиб чиққан. Қийинчиликлар билан кечган бу саёхатларида Саъдий ҳаёт илмини чуқур ўрганиб, инсон феълини бутун мураккаблиги билан англаб, ўз даврининг кўпни кўрган донишманд кишиси бўлиб етишган. 13-а. ўрталарида Шерозга кайтиб келган Саъдий дунё ташвишларидан ўзини четга олиб, шаҳар чеккасидаги шайх Абу Абдуллоҳ Ҳафиф хонақосида фақирона ҳаёт кечирган.

Форс-тожик адабиётида Саъдий мақоми жуда юксак. Хусусан, Дамашқда «Бўстон» («Саъдийнома», 1257) ва Шерозда «Гулистон» (1258) асарларини ёзган ва шерозлик ҳукмдор Абубакр ибн Саъд (1226—60) га такдим қилган. Саъдий ғазални мустақил жанр даражасига кўтарган. У ғазалчиликдаги ўзигача олиб борилган тажрибаларни ривожлантириб, такомилга етказган, кейин бу жанрни Ҳофиз Шерозий юксак чўққига олиб чиқди. Саъдий ғазаллари 4 девондан иборат бўлиб, улар «Таййибот» («Латиф ғазаллар»), «Бадоеъ» («Янги ғазаллар»), «Хавотим» («Хотима ғазаллар») ва «Ғазалиёти қадим» («Эски ғазаллар»)дан иборат. С 2 тилда ёзиладиган шеър тури — муламмаъ (ширу шакар)нинг ҳам асосчиси. Араб тилини яхши билганлигидан у арабча мисра ва байтларни форсий билан уйғунлаштириб, ушбу шаклни ихтиро қилган. Саъдий таржеъбанд жанрини ҳам ривожлантирган. Саъдий форс-тожик бадиий насрининг ҳам асосчиси ҳисобланади. Унгача фақат мактублар, ҳужжатлар, илмий ва тасаввуфий асарлар, адабий характердаги тарихий лавҳаларгина насрда ёзилган. Бундан ташқари, шоирнинг «Соҳибия» асари, арабча ва форсча қасидалари, қитъа, рубоий ва фардлари ҳам машҳур. Унинг асарлари ўша даврда яратилган 2 «Куллиёт»и орқали сақланган. Бири шоир вафотидан 37 й. сўнг Али бинни Аҳмад бинни Абубакр Бесутун гомонидан тузилган «Куллиёт» бўлиб, 19 бўлимдан иборат. Китобнинг кириш қисмида тўпловчи «Куллиёт» устида 7 й. ишлаганлигини, кўпчиликнинг маслаҳати ва ёрдами билан бу ишни амалга оширганини ёзади. Иккинчи «Куллиёт» 13-а. га оид бўлиб, ким томонидан тўпланганлиги ёзилмаган. Шу 2 манба асосида Эрон олими Муҳаммадали Фурўғий Саъдий «Куллиёт»ини нашр эттирган (1941). «Куллиёт»га, динийфалсафий, насрий асарлардан ташқари, «Гулистон», «Бўстон», «Араб қасидалари», «Форс қасидалари», «Таржиббанд», шунингдек, 4 девони киритилган. Асар 18 бўлимдан иборат бўлиб, 10 дан ортиқ жанрдаги асарларни ўз ичига олади.

Бир умр халқ ичида яшагани, ҳаётнинг бутун аччиқчучугини тотгани учун ҳам Саъдий асарлари бошқа Шарқ шоирларидан ҳайратланарли даражада ҳаётийлиги билан алоҳида ажралиб туради. «Бўстон» ва «Гулистон» ҳаётий ҳикоятлардан ташкил топгани, донишманд шоирнинг бу ҳикоятлар сўнгида қиссадан хисса тарзида келтирган шеърлари реал турмушдан чиқарилган хулосалар эканлиги билан жаҳон илму адаб аҳлини бирдай ўзига тортиб келмоқда. БМТ нинг Тинчлик Кенгаши биноси пештоқига «Гулистон»дан олинган қуйидаги мисралар битилган: «Одам болалари ибтидода бир гавҳардан бино бўлганлари туфайли яхлит бир вужуд кабидирлар. Бинобарин, замон унинг бир аъзосига жароҳат етказса, бошқа аъзолари ҳам ўз тинчини йўқотади».

Саъдий ўзидан кейинги Шарқ адабиётига кучли таъсир кўрсатган. Шоир асарлари қадимдан ўзбек халқи орасида ҳам машҳур. «Бўстон» ва «Гулистон» мадрасаларда асосий дарсликлар қаторида ўқитилиб келган. Навоий «Девони Фоний»да Саъдий ғазалига 22 та татаббуъ қилган. Навоийнинг «Маҳбуб улқулуб», Авлонийнинг «Туркий гулистон» асарлари бевосита Саъдий таъсирида яратилган. «Гулистон» 1390—91 й. даёқ Сайфи Саройи томонидан «Гулистони биттуркий» номи билан ўзбек тилига ижодий таржима қилинган. 19-а. 2-ярмида Огаҳий, 1909 й. Муродхўжа домла, шунингдек, Сидқий Хондайлиқий, Ғафур Ғулом, Муинзода, Шоислом Шомуҳамедов, Рустам Комиловлар ўзбек тилига таржима қилганлар. «Бўстон» асари Чустий таржимасида нашр этилган.

1958 й. Бутунжаҳон Тинчлик қўмитасининг қарори билан «Гулистон»нинг 700 й. лиги халқаро миқёсда кенг нишонланган.

Ac: Бўстон, Т., 1960; Гулистон, Т., 1968; Саъдий Шерозий шеъриятидан, Т., 1976; Гулистон (Огаҳий таржимаси), Т., 1993.

Ад.: Шомуҳамедов Ш., Саъдий Шерозий, Т., 1964; Шомуҳамедов Ш., Форстожик адабиёти классиклари ижодида гуманизм, Т., 1968.

Эргаш Очилов.


Кирилл алифбосида мақола: САЪДИЙ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: С ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Исмлар. Энг чиройли ва машҳур исмлар.
Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ИБН СИНО
ТОШКЕНТ
АЛИШЕР НАВОИЙ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты