СЕРБИЯ

СЕРБИЯ (Cp6nja, Sradije) Сербия Республикаси — Сербия ва Черногория таркибига кирувчи республика. Дунай ҳавзасида жойлашган. Майд. 88,4 минг км2. Аҳолиси 9,8 млн. киши (1997). Пойтахти — Белград ш. 2 мухтор ўлка — Воеводина ҳамда Косова ва Метохияни ўз ичига олади. Маъмурий жиҳатдан Сербия туманларга, туманлар жамоаларга бўлинади. Серб (65,4%), албан (16,5%), венгер (3,3%) ва б. халқлар яшайди. Расмий тил — серб тили. Аҳоли христиан (православ ва католик), ислом ва б. динларга эътиқод қилади. Сербиянинг ўз конституцияси, парламенти (скупшчина) ва ҳукумати бор.

Табиати. Сербиянинг шим. ғарбий қисмини Ўрта Дунай текислигининг жан. чеккаси эгаллайди. Унинг ёнида ФрушкаГора тог массиви (бал. 539 м гача) жойлашган. Сава дарёси ва Дунайнинг кенгайиб оқадиган қисми ўнг соҳили бўйлаб Серб тоғ тизмалари ва массивлари ҳамда Шарқий Серб тоғлари ўтади. Чекка жан. ғарбда Косово майдони ва Метохиянинг бепоён пасттекислиги ястанган. Сербиянинг энг баланд нуқтаси (2764 м) Албания чегарасидаги Кораби тоғ тизмасида жойлашган. Иқлими мўътадил, континентал. Янв. нинг ўртача т-раси 0—Г, июлники 18—23°. Йиллик ёғин 500—800 мм (тоғларда 1000 мм гача). Асосий дарёлари — Дунай, Сава, Тиса, Морава, Дрина. Тоғлар оралиғидаги водийлар ва паеттекисликларда мевали боғлар барпо этилган. Сербия ҳудудининг 1/4 қисмига яқини ўрмон, асосан, бук дарахтзорларидан иборат. Косово мухтор ўлкасида қўрғошинрух рудалари, Мораванинг ўнг соҳилида тошкўмир ва қўнғир кўмир, Шарқий Серб тоғларида мис, Воеводинада нефть ва газ конлари бор. Ҳайвонот дунёси хилмахил: текисликларда кемирувчи, қуён, тоғларда буғу, ёввойи эчки, тўнғиз, силовсин ва б. бор. Турли қушлар, жумладан, ёввойи ва сувда сузувчи қушлар, тошли қояларда калтакесак, илонлар учрайди. Денгизда балиқ тури кўп.

Тарихи. С ҳудудида одам палеолит давридан яшай бошлаган. Жез даврида иллирий, фракий, кейинроқ кельт қабилалари яшаган. Болқон я. о. римликлар қўлига ўтиши (мил. ав. 229 й. — мил. 106 й.) маҳаллий қабилаларнинг романлашувига олиб келди. 6—7-а. ларда бу ерга славянлар келиб ўрнашди. 10а. ўрталарида давлат — Серб князлиги пайдо бўдди. 1217 й. қиролликка айланди. Стефан Душан идора қилган йиллар (1331—55)да йирик СербияГреция давлати барпо этилди. 1389 й. Косово майдонидаги жангда турк қўшинлари сербларни мағлубиятга учратгач, Сербияни ўзига қарам қилиб олди, 1459 й. эса Туркия таркибига қўшиб олинди. 18-а. охиридаги РоссияТуркия урушлари серб халқининг миллий озодлик ҳаракатига туртки бўлди. 1804—13 й. ларда биринчи серб қўзғолони серб давлатини қайта тиклаш йўлидаги ҳаракатнинг бошланиши бўлди. 1815 й. иккинчи серб қўзғолони озодлик курашини давом эттириш учун негиз яратди. Туркия султонининг 1830 ва 1833 й. лардаги фармонларига кўра, С. Туркия паноҳи остидаги ўзини ўзи идора қиладиган мухтор князлик деб эълон қилинди. Сербия 1878 й. Берлин конгрессининг қарорига биноан, тўла мустақилликка эришди ва ўз ҳудудини бирмунча кенгайтириб одди (1882 й. дан қироллик). 1903 й. Сербия социалдемократик партияси ва ягона касаба уюшма ташкилоти тузилди. Сербия 1912—13 й. лардаги Болқон урушида қатнашди. 1915—18 й. ларда Австрия-Венгрия қўшинлари томонидан оккупация қилиб турилди. 1918 й. собиқ Австрия-Венгрия таркибидаги жан. славян ерларининг кўп қисми Сербия билан бирга Серблар, хорватлар ва словенлар қироллиги (1929 й. дан Югославия)га бирлашди. 1941 й. С. ни Германия босиб одди. Немислар генерал М. Недич бошчилигида Серб ҳукумати деб аталган ҳукумат туздилар. 1944 й. окт. да Сербия озод қилинди. 1945 й. нояб. дан С. Югославия таркибидаги олти республиканинг бири бўлди. 1991 й. да Югославия Социалистик Федератив Республикаси парчаланиб, ундан Словения, Хорватия, Босния ва Герцеговина, Македония чиқиб кетгач, Сербия билан Черногория Югославия Иттифоқ Республикасини туздилар. 2003 й. 4 фев. дан бу давлат Сербия ва Черногория деб атала бошлади.

Хўжалиги. Сербия — Сербия ва Черногория давлатининг иқтисодий жиҳатдан энг ривожланган қисми. Маҳаллий фойдали қазилма конлари негизида қўнғир кумир ва лигнит (Колубар, Костолацкий, Косово ва б. ҳавзаларда), нефть (Воеводинада), мис (Бор, Майданпек ва Шарқий Серб тоғларида), қўрғошин, pyx (Светозарево ва Севойнода), сурма корхоналари барпо этилган. Смедеревода қора металлургия к-ти бор. Электр энергия иссиқлик ва гидростялари ҳамда Дунай бўйида қурилган «Темир дарвоза» гидромажмуасида ҳосил қилинади. Рангли металлургия билан бирга кимё (асосан, минерал ўғит, кислота, заҳарли кимёвий моддалар) ва электротехника (аккумулятор ва кабель и. ч.) саноати ривожланган. Кўп тармокли машинасозлик (электрон, кон, қ. х. машинасозлиги, автомобилсозлик), тўқимачилик, ёғочсозлик, кўнпойабзал, озиқ-овқат саноати тармоклари мавжуд. Асосий саноат марказлари — Белград, Крагуевац, Ниш, Нови Сад ва б.

Қ. х. дон (буғдой, маккажўхори, сули), техника экинлари (қанд лавлаги, зиғир, кунгабоқар) етиштиришга ва чорвачиликка ихтисослашган. Қорамол, чўчқа, парранда, тоғли жойларда қўй боқилади. Боғдорчилик, токчилик ривожланган. Ўрмон хўжалигига алоқида эътибор берилади. Т. й. ва сув транспортининг кенг тармоғи барпо этилган.

Маорифи, илмий ва маданий-маърифий муассасалари. Таълимнинг асосий тури — 8 й. лик мактаб. Тўла ўрта таълимни гимназия беради. Малакали ишчи, техник ва мутахассислар тайёрловчи мактаблар ва махсус мактаблар ташкил этилган. Белград (1863), Ниш (1965), Нови Сад (1960), Приштина (1970) ун-тлари бор. Серб фанлар ва санъат академияси (1886 й. да асос солинган), ядро физикаси (1947), ўсимликшунослик (1945), қ. х. ни механизациялаш (1947), сейсмология (1906) и. т. институтлари, кўпгина илмий жамият ва уюшмалар, ун-тлар ҳузурида и. т. институтлари бор. 1102 халқ кутубхонаси, 433 илмий ва махсус кутубхона мавжуд. Белградда амалий санъат, хориж санъати ва замонавий санъат, этнография музейлари, расмлар галереяси очилган.

Кундалик газ. лари: «Борба», «Политика», «Политика экспресс», «Вечерне новине», «Рад», «Мадъяр со» ва б. 40 дан ортиқ радиостя, Белградда (1958 й. дан), Приштина ва Нови Садда (1972 й. дан) телемарказлар ишлайди.

Адабиёти. Сербия адабиётининг дастлабки намуналари 9-а. нинг 2-ярмида пайдо бўлган. Ўрта асрлар адабиёти динийнасиҳат руҳида бўлган. Константин Философнинг «Золим Стефан Лазаревич қиссаси» (1431—35) асарида ҳукмдорларнинг ўзаро кураши ва хорижий босқинчиларга қарши жанг манзаралари тасвирланади. 15-а. охири — 16а. бошларида серб тилида китоб нашр этила бошлади. Турклар тасарруфидаги даврда серб халқининг маънавий ҳаёти халқ оғзаки ижодиётидагина ифодаланди. Дунёвий адабиётга асос солган Доситей Обрадович (1742 — 1811) сербларнинг маданий уйгониш жараёнини акс эттирувчи асарлар яратди. 19-а. да Европа халқлари адабиёти билан ҳамоҳанг ривожланган Сербия адабиётида ҳам классицизм (Л. Мушицкий), сентиментализм (М. Видакович, Й. Вуйич), романтизм (Ж. Якшич, Л. Костич ва б.) каби оқимлар руҳидаги асарлар дунёга келди. Бу давр адабиёти ривожида Нови Сад адабий маркази, «Даница», «Явор» ва «Матица» жур. лари муҳим роль ўйнади. 60й. ларда адиб ва публицист С. Маркович макрлалари адабиётда реализмга асос солди. Дастлабки реалистлар — М. Глишич, Л. Лазаревич, Я. Веселинович ижодиёти (19-а. охири — 20-а. бошлари) кўпроқ ижтимоиймаиший наср жанрларига мансублиги сезилади. Я. Игнятович, С. Матавуль, С. Ранкович романларида реализмнинг бадиий мазмуни доираси кенгайтирилиб, мураккаб ижтимоий-тарихий муаммолар ўртага қўйилади. Сатира жанрида ижод қилган Р. Доманович, Б. Нушич (наср), В. Илич (назм) реализмни ривожлантирдилар.

1-жаҳон урушидан кейин А. Андрич, М. Црнянский, С. Винавер каби экспрессионист шоирлар адабиёт майдонига кириб келдилар. Уларнинг баъзи бирлари халқ, кечинмаларини тасвирлаш орқали урушни лаънатласа, айримлари халқ қаҳрамонларини улуғлайди. Б. Нушичнинг Т«аржимаи ҳолим» қиссаси, «Вазирахоним», «Мистер доллар» ва б. ҳажвий комедиялари айниқса шуҳрат қозонди. Фашистлар оккупацияси даврида кўпгина адиблар (Зогович, Попович, Б. Чопич, М. Палич, Мендерович ва б.) озодлик курашида катнашиш б-н бирга адабий фаолиятни давом эттирдилар.

Сербия озодликка эришгач, Серб ёзувчилари жамияти тузилди. 50й. ларнинг бошларида халқ озодлик уруши ва янги ҳаёт мавзулари адабиётда асосий ўрин олди. О. Давичо, М. Дединац, С. Вукосавлевич, Э. Кош шеърияти, И. Андричнинг насрий асарлари эътибор қозонди. Янги жанр — радиодрама вужудга келди.

Меъморлиги ва тасвирий санъати. Сербия ҳудуди Ўрта денгиз, Яқин Шарқ, Эгей денгизи бўйи мамлакатлари ва Fapбий Евоопа маданияти бирбирига туташган жой бўлгани туфайли унда қад. дунё ва ўрта асрлар маданияти ўз аксини топган. Неолит даврига мансуб пастқам турар жойлар, хилмахил шаклдаги сопол идишлар, одам ва жониворларнинг гулдор ва сайқалланган ҳайкалчалари сақланиб қолган. Жез даври маданияти Эгей бўйи мамлакатлари маданияти билан боғлиқ бўлсада, унда маҳаллий анъаналар (чиройли чизиклар билан безалган сопол кўзалар, қуш бошли маъбудалар) ҳам акс этган. Мил. ав. 1минг йилликка мансуб истеҳкомли манзилгоҳлар, фракийлар, иллирийлар, кельтларнинг заргарлик буюмлари, майда жез ҳайкалчалари учрайди. Мил. ав. 2-а. — мил. 4-а. да римликларнинг ҳарбий истеҳкомлари ва улар ёнида жамоат бинолари, саройлар, ҳаммомлар қурилиб, Сингидунум (ҳоз. Белград), Наиссус (ҳоз. Ниш) барпо этилган. 5—6-а. ларда Византия шаҳарлари (ЦаричинГрад), уларда ибодатхона ва саройлар, турар жой ва савдо бинолари қуридди. 6—9-а. ларга оид византияликлар ва қад. славянларнинг олтин тақинчоқлари ва кумуш анжомлари диққатга сазовар. 9—10-а. ларда ёгоч, тош калъалар, христианларнинг деворларга диний расмлар ишланган гумбазли ибодатхоналари ва шоҳона бинолар қурила бошлади. Ўрта асрларда Сербия шаҳарлари марказида савдо майдони, радиал кўчалар, 2—3 қаватли иморатлар бўлган. Ёғоч, тош, сомон уйларнинг икки нишабли томи тахта ёки тош плиталар билан ёпилган. Шаҳар ва монастирлар тош деворлар билан ўралган. 14-а. 2-ярмида ихчам шаклли хочгумбазли ибодатхоналар қуридди (тўрт устунли Манасия монастири, 1407—18 ва устунсиз Каленич монастири, 1405—13), улар фольклор рухидаги гаройиб расмлар билан безатилган, ғиштли жимжимадор қилиб терилган, тарашланган ва сирланган сопол билан нақшланган. Шу даврда ёғоч ўймакорлиги, зардўзи каштачилик, кулолчилик ривожланган. 15-а. дан бошлаб турклар бу ерда мачит, минора, карвонсарой, тим ва ҳаммомлар қуришди. 2—3 қаватли синчли уйлар барпо этиш урф бўлди.

19-а. да мунтазам шақарсозлик унсурлари пайдо бўлди, маҳаллий ўрта аср меъморлиги анъаналари асосида (Белграддаги князь қизи Любица уйи, 1829— 36, меъмор Х. Н. Живкович), европача эклектика руҳида (Белграддаги Халқ театри, 1868—69, меъмор А. Бугорский), 20-а. бошларида «Модерн» услубида (Белграддаги «Москва» меҳмонхонаси, 1906, меъмор Й. Илкич) ва янги византияча усулда (Белграддаги Александр Невский черкови, 1918, меъмор Е. Надич) бинолар қурилди. 19—20-а. лар рассомлари халқ, хаётини, табиат гўзаллигини, миллий озодлик курашини тасвирловчи гўзал асарлар яратишди. А. Теодорович, Д. Аврамович, Ж. Якшич, У. Предич, Н. Петрович ранг-тасвир, К. Данил, М. Пьяде портрет жанрида ижод қилдилар. Халқ ҳунармандчилигида каштадўзлик, гилам тўқиш, ёғоч ва тош ўймакорлиги, кулолчилик муҳим ўрин олган.

Мусиқаси. Серблар мусиқаси турли славян халқлари, Византия, Кад. Рим ва мусулмон Шарқ мусиқа анъаналари негизида қарор топган. Серблар ҳаётида, асосан, қўшиқ ижодкорлиги ривожланган. Эпик қўшикларни халқбахшилари қўбизсимон гусле чолғу асбоби жўрлигида ижро этган. Айниқса, севги қўшиқлари мусиқий ва назмий гўзаллиги б-н ажралиб туради, давра ўйин (коло) қўшиклари ҳам оммалашган. Сербиянинг дастлабки композиторлари — Й. Шлезингер ҳарбий оркестрда капельмейстерлик қилган. Н. Журкович эса хонанда, актёр ва хормейстер бўлиб, илк мусиқали спектаклларни яратишган. 1838 й. Панчевода биринчи хор тўгараги, 1853 и. Белград қўшиқчилик жамияти вужудга келди. Мазкур жамиятнинг ва «Корнелие» черков қўшиқчилик жамиятининг раҳбари композитор ва пианиночи К. Станкович миллий мусиқа маданиятини шакллантиришга катта ҳисса қўшди. Театр мусиқаси ва ватанпарварлик қўшиқлари муаллифи Д. Енко, серб яккахон қўшиғи ва романеи ижодкори Й. Маринкович, мусиқий фольклор тўпловчиси, хор ва черков мусиқалари муаллифи С. Мокраняц унинг ишини давом эттирдилар. 1902 й. Б. Йоксимович биринчи миллий опера — «Милош Обиличнинг уйланиши»ни езди. Шундан кейин С. Биничка, И. Баич, П. Крстич, В. Вучкович, М. Ристич серб мусиқа маданиятини ривожлантирдилар. Кейинги йилларда композиторлар П. Бергамо, П. Озгиян, Э. Иосиф, Д. Радич, В. Мокраняц, дирижёр Ж. Здравкович, пианиночи 3. Марасович, скрипкачи Л. Марьянович, хонандалар Н. ва Б. Цвеичлар, В. Хейбал машҳур бўддилар. Сербияда бир неча симфоник ва камер оркестр, 3 та опера театри, хор жамоалари, Мусика академияси ва б. мусиқа ўқув юртлари фаолият кўрсатади.

Театри ҳақидаги дастлабки маълумот 13-а. га тааллуқлидир. Уша пайтдаги байрам кунлари кўчаларда томошалар кўрсатилган. 18-а. Воеводинада Э. Козачинский пьесалари саҳналаштирилди. Мактабларда спектакллар кўрсатилди. Актёр, драматург ва таржимон Й. Вуйич Сербия ва Воеводина ҳудудларида бир неча труппалар ташкил этди (1810) ва дунёвий театрга асос солди. 1825 й. НовиСадда С. Стефановичнинг «Подшо Урош V нинг ўлими» пьесасини хдваскорлар труппаси саҳнага қўйди. 19-а. нинг 40й. ларидан мунтазам ишлайдиган театрлар пайдо бўлди. 1861 й. шу шахарда Серб миллий театри, 1868 й. Белградда Миллий театр («Народно позориште») барпо этилди. Уларда В. Шекспир, Ф. Шиллер каби мумтоз ёзувчиларнинг асарлари билан бир қаторда Ж. Якшич, Л. Костич, Б. Нушич каби маҳаллий муаллифларнинг пьесалари қўйилди. 1950 й. Белградда Академик театр ташкил этилди. 20-а. охирларидаги таникли театр ва кино арбоблари: реж. лар Х. Клайн, Б. Борозан, Б. Ступица, Б. Ханауска, актёрлар С. Северова, Д. Милутинович, М. Ступица, Л. Бобич, Л. Раваси, В. Животич ва б.

Киноси. 1905 й. фотограф М. Манаки биринчи қисқа метражли «Кирчи аёл» фильмини суратга олган. Дастлабки ҳужжатли ва хроника фильмлари Болқон урушлари ва 1-жаҳон уруши воқеаларини тасвирлади. 1910 й. «Карагеоргий» деб аталган биринчи бадиий фильм яратилди (реж. И. Станоевиччича). «Гуноҳсиз гуноҳкор» (1928, реж. К. Новакович) овозеиз кино давридаги энг машҳур фильм бўлди. 2-жаҳон уруши ва ундан кейинги йилларда миллий озодлик жанглари ва тинч ҳаёт манзараларини ифодаловчи ҳужжатли фильмлар дунёга келди. 1945—48 й. ларда «Звездафильм» ва «Авалафильм» киностудиялари ташкил этилди. Фашизмга карши кураш кўп йилгача Сербия кинематографиясининг етакчи мавзуларидан бири бўдди. «Бу халқяшайверади» (1947, реж. Н. Попович), «Катта ва кичик» (1956, реж. В. Погачич), «Тўққизинчи доира» (1960, реж. Ф. Штиглиц), «Неретвадаги жанг» (1969, реж. В. Булайич) ва б. шу жумлага киради. Мумтоз ва замонавий адабиёт асарларини экранлаштиришга ҳам аҳамият берилди, замонавий мавзуда асарлар яратилди. 70—80й. ларда янги авлод кинематографиячилари (Р. Грлич, С. Каранович, Г. Маркович ва б.) кино санъатини янги мавзулар ва ифода усуллари б-н бойитдилар.


Кирилл алифбосида мақола: СЕРБИЯ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: С ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
РОССИЯ
СЕРБИЯ ВА ЧЕРНОГОРИЯ
ЧЕРНОГОРИЯ
ОСИЁ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты