ШИМОЛИЙ АТЛАНТИКА ШАРТНОМАСИ ТАШКИЛОТИ, НАТО

ШИМОЛИЙ АТЛАНТИКА ШАРТНОМАСИ ТАШКИЛОТИ, НАТО (North Atlantic Treaty Organisation — NАТО) — халқаро давлатлараро ҳарбийсиёсий ташкилот. 1949 йил 4 апр. да Вашингтонда 12 давлат: АҚШ, Буюк Британия, Франция, Бельгия, Нидерландия, Люксембург, Канада, Италия, Португалия, Норвегия, Дания, Исландия вакиллари томонидан Шим. Атлантика шартномаси имзоланган. Ташкилотга 1952 йил Греция ва Туркия; 1955 йил ГФР, 1982 йил Испания, 1999 йил Венгрия, Польша ва Чехия, 2004 йил Латвия, Литва, Эстония, Словакия, Словения, Болгария ва Руминия қабул қилинди; 1966 йил Франция НАТОнинг ҳарбий тузилмаларидан чиққан.

Шартнома дастлаб Совет Иттифоқи томонидан агрессия хавфига қарши биргаликда ҳимояланиш ва жамоавий хавфсизликни назарда тутган. Бу 2-жаҳон урушидан кейин АҚШ томонидан тузилган биринчи уюшма бўлиб, у Ғарб мамлакатларининг иттифоқини англатарди. Бундай шартнома тузилишига «совуқ уруш»нинг тобора кенг тус олгани сабаб бўлган. Ғарбий Европа мамлакатлари Совет Иттифоқидан якка тартибда ҳимояланишда ўзларини ожиз ҳис этганликлари учун 1947 йил ҳамкорликда ҳимоя тизимини ярата бошладилар. 1948 йил 17 мартда 5 мамлакат — Бельгия, Франция, Люксембург, Нидерландия ва Буюк Британия «Брюссель шартномаси»ни имзолаган эдилар. Бу шартнома НАТО га асос бўлди. НАТО нинг асосий приниипи шартноманинг «Томонлар Европа ёки Шим. Америкада бир ёки ундан ортиқ мамлакатга қилинадиган қуролли ҳужумни барчага қарши ҳужум сифатида қарайди» деган моддасида ифодаланган. Шартнома БМТ Уставининг 51-моддасига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, бу моддада мустақил давлатлар якка тартибда ёки жамоа бўлиб ўз мудофаасини ташкил этиш ҳуқуқига эгалиги кўрсатилган. Шартнома НАТО га кирувчи мамлакатларга Ғарбий Европа ва Шим. Атлантикани ҳимоя қилиш вазифасини юклаган. Шартнома, шунингдек, аъзолар ўртасида сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий алоқаларни чуқурлаштириш мақсадида ишлаб чиқилган. НАТО қуролли кучлари 1950 йил июнда бошланган Корея урушига жавобан шу йил ташкил қилинган.

НАТО иттифоқ ҳисобланади. Унинг ичида ягона, марказлашган орган мавжуд эмас. Ҳуқуқий жиҳатдан ҳеч бир давлат ўзининг кўрсатмаларига қўшилишга бошқа давлатларни мажбур этишга ҳақли эмас. НАТО тузилмасини сиёсий (фуқаровий) рп ҳарбий қисмга бўлиш мумкин. Шим. Атлантика Кенгаши НАТОнинг олий сиёсий органи ҳисобланади. У иттифоққа аъзо мамлакатлар ҳукуматлари ўртасида маслаҳатлашиб олинадиган ва ишларни мувофиқлаштирувчи асосий форумдир. Кенгаш мажлислари: ҳафтасига бир марта — НАТО га аъзо мамлакатлар доимий вакиллари (элчилари) даражасида; йилига 2 марта — ташқи ишлар вазирлари даражасида; келишув бўйича, алоҳида ҳолларда — давлатлар ва ҳукуматлар бошлиқлари даражасида ўтади. Кенгаш кун тартибига амалда ҳар қандай масала қўйилади, иттифоққа аъзо мамлакатлар ўзининг ичидаги вазиятларга баҳо бериш бундан мустасно. Қарорлар консенсус асосида қабул қилинади ва барча аъзолар учун бир хилда кучга эга бўлади. Ҳарбий масалалар Мудофаани режалаштириш комитети (МРК) мажлисларида муҳокама қилинади. Ядровий режалаштириш гуруҳи мажлисларида НАТО сиёсатида ядро қуролининг аҳамияти билан боғлиқ масалалар бўйича маслаҳатлашув бўлади. НАТО Бош котиби юқоридаги ҳар уччала органнинг раиси ҳисобланади. Халқаро котибият ҳам унинг тасарруфида бўлади. Ҳарбий комитет НАТОнинг олий ҳарбий органи ҳисобланади. У барча қатнашчи мамлакатлар Бош штаблари бошлиқларидан ташкил топади. Комитет йилига 2 марта штаб бошлиқлари даражасида мажлис қилади, жорий масалалар НАТОга аъзо мамлакатлар ҳарбий миссиялари вакилларининг ҳар ҳафталик учрашувларида муҳокама қилинади. Халқаро ҳарбий штаб Ҳарбий комитетнинг ижроия органидир. НАТО Прага саммити (2002 йил нояб.)нинг қарорларига мувофиқ, Европа ва Атлантикада Бош ҳарбий қўмондонликлар ўрнига НАТО Бирлашган қўмондонликлари тузилди. Булар — Европада НАТО бирлашган кучлари Бош қўмондонлиги ўрнига операциялар устидан Бирлашган қўмондонлик (Монс шаҳри, Бельгия); Атлантикада НАТО бирлашган кучлари Бош қўмондонлиги ўрнига қайта тузиш бўйича Бирлашган қўмондонлик (Норфолк шаҳри, АҚШ).

«Совуқ уруш» тугагандан сўнг НАТОни дунёда юзага келган янги вазиятга мослаштириш бошланди. 1991 йил Шим. Атлантика ҳамкорлик кенгаши тузилди. У Евроатлантика ҳамкорлик кенгаши (ЕАҲК)га айлантирилди (1997). 1994 йилдан НАТОнинг «Тинчлик йўлида ҳамкорлик» (ТЙҲ) дастури амалга оширила бошланди. Бу дастур Евроатлантика ҳудуди хавфсизлигининг асосий таркибий қисмига айланди ва НАТОда марказий ўринни эгаллаб келмоқда. ЕАҲК га 46 мамлакат аъзо (2004).

Ўзбекистон 1992 йил 10 мартда Шим. Атлантика ҳамкорлиги кенгашига аъзо бўлиб кирди. «Тинчлик йўлида ҳамкорлик» дастурига қўшилиш тўгрисидаги ҳужжатнинг Ўзбекистон томонидан имзоланиши (1994) республиканинг халқаро тузилмаларга интеграциялашуви жараёнида янги босқични бошлаб берди. 1995 йил 16 авг. да Ўзбекистон НАТО билан хавфсизлик тўғрисидаги битимни имзолади.

Ўзбекистоннинг НАТО билан ўзаро алоқалари ҳар йили иккала томондан тасдиқланадиган Индивидуал ҳамкорлик дастури орқали амалга оширилади.

Соат Мусаев, Сайфиддин Жўраев.


Кирилл алифбосида мақола: ШИМОЛИЙ АТЛАНТИКА ШАРТНОМАСИ ТАШКИЛОТИ, НАТО ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Ш ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



ФРАНЦИЯ
БУЮК БРИТАНИЯ
ИККИНЧИ ЖАҲОН УРУШИ
ЛИТВА
ИТАЛИЯ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты