СУЛАЙМОН МИРЗО (15141590, Лоҳур) — Бадахшон хони (1526 й. дан). Темурийлардан. Султон Вайс Мирзо (Мирзохон) (1485 —1526)нинг ўғли. Бобур у ни отаси вафотидан сўнг ҳоким қилиб тайинлайди. Ҳумоюн даврида ҳам Бадахшонни бошқарган. Сулаймон Мирзо табиатан хушфеъл, ҳазилмутойибага мойил киши бўлган. «Зукко» тахаллуси билан форс ва турк тилларида ғазаллар ёзган.
Сулаймон Мирзонинг Ҳарам бегим исмли хотини давлат ишларида унга маслаҳатчи бўлган. Сулаймон Мирзо ўғли Иброҳим Мирзо билан Бадахшонни бошқарган. Ҳумоюншоҳ вафотини эшитгач, ўғли билан 1556 й. Кобулни босиб олиш мақсадида қўшин тортиб, шаҳарни 4 ой қамал қилган. Бироқ Акбар Кобул ҳукмдори бўлган укаси Муҳаммад Ҳасан Мирзога ёрдамга бир неча саркардаларини юборган. Сулаймон Мирзо бундан хабардор бўлгач, Бадахшонга қайтган. 1559 й. Балхни эгаллаш учун юриш бошлаган, лекин мағлуб бўлиб, жангда ўғли Иброҳим Мирзо асирга олиниб, қатл қилинган. С. М. Кобулга 4 марта самарасиз юриш қилган. Узоқ йиллар Қундуз вилоятидаги исённи бостириш учун кураш олиб борган. Давлат 2 га бўлинганлиги, невараси (Шоҳрух Мирзо)га қарши курашмоққа қурби етмаслигини билгач, муқаддас жойларни зиёрат қилиш баҳонасида (1575 й.) Бадахшонни Шоҳруҳ Мирзога ташлаб кетади. Маккада 5 йил туради. Қайтиб келгандан кейин ҳам бобо билан невара ўртасида кураш давом этган. Сулаймон Мирзо куёви Муҳаммад Ҳаким Мирзо билан 2 йил давомида жанг қилган, натижада 1580 й. да сулҳ тузилиб, Толиқондан Ҳиндукушгача бўлган ерлар Сулаймон Мирзо тасарруфига кирган. Бадахшонда яна қўш ҳокимият вужудга келган. Ҳар 2 томоннинг кучсизланишидан фойдаланган Бухоро хони Абдуллахон II Бадахшонга ҳужум қилиб уни забт этган. Сулаймон Мирзо ва Шоҳрух Мирзо Акбар ҳузурига, Аграга кетишган.
Ад. Файзиев Т., Темурийлар шажараси, Т., 1995; М уҳам маджоно в А., Темур ва темурийлар салтанати, Т., 1994.