СУЛТОНАЛИ МАШҲАДИЙ (1437 Машҳад — 1520) — хаттот, шоир, хат назариётчиси; настаълиқ хати ривожига ва кенг тарқалишига улкан ҳисса қўшган. «Султон улхаттотин» («Хаттотлар султони») ва «Қиблат улкуттоб» («Котиблар қибласи») номли юксак унвонлар соҳиби. Хаттотликка болалигидан иштиёқи баланд бўлган. Султонали Машҳадийнинг устозлари — хаттот Заҳириддин Азҳар ва Хожа Ҳофиз Муҳаммад. С. М. мадрасада таълим олган, сўнг мадрасада дарс берган. 1451 й. дан Ҳиротда яшаб, Султон Абу Саид (1451—69) ва Султон Ҳусайн (Ҳусайн Бойқаро, 1469—1506) лар хизматида бўлган. Ҳиротдаги бадиий муҳит — санъаткорлар давраси, айниқса, Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоийлар билан ижодий ҳамкорлик қилиш натижасида Султонали Машҳадий устод санъаткор даражасига кўтарилди (Навоийнинг шахсий кутубхонасида китобат ишлари билан машғул бўлган). Айниқса, Султонали Машҳадийнинг Навоий ижодига муносабати ўзгача бўлиб, шоирнинг аксар асарларини бир неча нусхаларда кўчирган; жумладан, Навоийнинг «Илк девон»ини ўзи тартиб этган (1465; дастхат нусхаси Россия миллий кутубхонасида). Ўз навбатида улуғ шоир ҳам хаттотга чуқур хурмат билан қараган, «Мажолис уннафоис» асарида унга юқори баҳо берган. Султонали Машҳадий Ҳирот хаттотларига раҳбарлик қилган; ёш мусаввир Камолиддин Беҳзодга. ўз фарзандидек муносабатда бўлган; уларнинг ўзаро ҳамкорлиги туфайли юксак даражадаги санъат асарлари—қўлёзмалар юзага келган. Султон Муҳаммад Hyp, Султон Муҳаммад Хандон, Мир Али Ҳиравий, Мухаммад Қосим ва б. кўплаб хаттотларни тарбиялаган.
Султонали Машҳадий кўчирган ва тартиб қилган мўътабар қўлёзмалар ҳам ўзбек мумтоз адабиётининг ноёб намунаси, ҳам Ҳирот китобат санъатининг шоҳ асарлари, дурдоналари сифатида қадрлидир. Шулардан 50 дан ортиқ китоб ва 500 га яқин қитъалар бизгача сақданган: Ўзбекистон ФА Шарқшунослик ин-тида Навоийнинг 3 девони (жумладан, «Наводир унниҳоя» ва б.), Ҳусайн Воиз Кошифийнинг «Ҳотамнома», «Жавохирнома» асарлари; Англиянинг Виндзор саройи кутубхонасида Навоийнинг «Девон»и, «Ҳамса» асарлари; Россия миллий кутубхонасида Навоийнинг «Хамса» асари; АҚШ нинг Метрополитен музейида Навоийнинг «Девон»и; Туркиянинг Истанбулдаги Тўпқопу саройи кутубхонасида Навоийнинг «Хамса», Саъдийнинг «Девон»и, Султон Ҳусайний «Девон»и (4 нусха) ва б. қўлёзмалар; у яратган ғазал, рубоий, қитъалар (ҳуснихат парчалари, аксарият қисми Туркиядаги Тўпқопу саройида) мураққаъ ва тазкираларда дунё кутубхона ва музейларида сақланади (жумладан, 41 та қитъа Россия миллий кутубхонасида).
Султонали Машҳадийнинг хат санъатига оид «Қавоиди хутут» («Хат қоидалари», 1519) шеърий рисоласида (дастхат қўлёзмаси Россия миллий кутубхонасида) хаттот ва шоирнинг нозик диди ва ҳолати ўз аксини топган: рисола матни настаълиқ хатида китобат қилиниб, олтин суви билан ҳалланган; қўлёзма саҳифалари ҳошияларига ўсимлик ва ҳайвонлар тасвирлари ишланган (сарлавҳа варағидаги унвон ичига музаҳҳиб Жалолиддиннинг номи ёзилган). Султонали Машҳадий ушбу рисолада хат услублари (жумладан, настаълиқ хати) устида тўхталган, Ибн Муқ. ш, Ибн Баввоб ва б. хаттотларнинг хат усулларини таърифлаган.
Султонали Машҳадий иморатлар, ёғоч ва тошларга ўйиб ёзиладиган хатларни битишга ҳам моҳир бўлган. Султон Ҳусайн қурдирган биноларига китобалар, унинг марҳум қариндош ва яқинларининг қабр тошларига битиклар битган.
Султонали Машҳадий фаолияти, у кўчирган ва битган қўлёзмалар, қитъа, китоба ва битиклар ўз даврида ва ундан кейин ҳам юқори баҳоланган: Бобур, Хондамир («Ҳабиб уссиғар»), Мирхонд («Равзат уссафо»), Мирзо Муҳаммад Ҳайдар (Тарихи Рашидий), Абдураззоқ Самарқандий («Матлаи саъдайн ва мажмаибаҳрайн») ва б.
Ад.: Костигова Г. И., «Трактат по каллиграфии» Султан Али Машхеди, Л., 1957; Муродов А., Урта Осиё хаттотлик санъати тарихидан, Т., 1971; Алишер Навоий асарларига ишланган расмлар, Т., 1982; Ҳакимов М., Алишер Навоийнинг асарларини кўчирган хагготлар, Т., 1991; Норқулов Н., Темурийлар даври маданияти тарихидан лавҳалар, Хоразм, 1996; Пугаченкова Г. А.,. Темурнинг меъморий мероси, Т., 1996.
Абдумажид Мадраимов.