СЎФИЗОДА (тахаллуси; асл исмшарифи Муҳаммадшариф Эгамберди ўғли) (1880.29.1, Наманган вилояти Чуст ш. — 1937, Тошкент) — Ўзбекистон халқ шоири (1926), маърифатпарвар, мураббий. 20-а. бошидаги янги ўзбек адабиётининг истеъдодли вакилларидан. Ўз билимини ошириш учун Истанбул унтига кирган, лекин ўқишни давом эттира олмаган, Туркистонга қайтиб, 1910—13 й. ларда Қўнғиротда ўқитувчилик қилган. Сўфизоданинг дастлабки шеърлари 19-а. 90й. лар шеъриятининг мумтоз намояндалари Муқимий, Фурқат, Муҳйилар таъсирида майдонга келган. Айниқса, 1893 й. да Қўқонда яшаб, Муқимий атрофидаги шоирлар билан яқин муносабатда бўлиши Сўфизода дунёқарашининг шаклланишида, бадиий маҳоратининг ўсишида ўзига хос мактаб бўлган. «Ваҳший» тахаллуси билан мансабмартаба йўлида ўз миллатини сотиб кетувчи хоин ва риёкор маҳаллий амалдорларни фош этувчи кескин ҳажвиялар ёзган. Ушбу ҳажвиялар учун «даҳрий» деб эълон қилиниб, қатл этишга ҳукм этилган. Шоир қочишга, 1900 —13 й. ларда она диёридан узоқда ҳаёт кечиришга мажбур бўлган. 1899 й. дан С. Чустда (2 йил), Миср вилоятида яшаган. Тифлис, Бокуда, сўнг эса Арабистон, Ҳиндистон, Туркияда бўлган. Шеърлари билан Кавказ ва Оренбург матбуотида, Тошкентда чиқадиган «Туркистон вилоятининг газета», «Садои Туркистон» газ. ларида фаол қатнашиб турган. Ниҳоят, 1913 й. нинг охирларида Чустга қайтиб, янги усулдаги мактаб очган. Бу мактаб ўз даврида шаҳарда дунёвий билим ўргатувчи ягона илм ўчоғи бўлган. Бундан ташқари, у Камарсадада ҳам болалар учун «Дорулайтом» (Етимлар уйи) ва катгалар учун кечки курслар очган. Лекин бу мактаблар тезда ёпиб қўйилган. «Муаллифни қувиб, мактабилани ёпган чустилар, бизлар…» деб бошланадиган киноя ва қочириқлар тўла шеъри матбуотда эълон қилингач, Сўфизода яна таъқибга учраб, ўз ватанидан бош олиб кетишга мажбур бўлган. 1915 й. Ҳиндистонда, кейинроқ Афғонистонда яшаган. Бу вақтда у ўзининг «Сирож улахбор» («Хабар зиёси») даги форсий шеърлари билан амир Ҳабибуллоҳон назарига тушган ва унинг рухсати билан мактаб очиб, иш бошлаган (1918). Кўп ўтмай, янги амир Омонуллоҳон уни маориф вазирлигига ишга олган.
1919 й. да у Афғонистон делегациясига таржимон бўлиб, Туркистонга келган ва улардан узр сўраб, юртида қолган. Бироқ унинг она юртидаги ҳаёти яна нотинч кечган. Ниҳоят, шўро ҳукумати томонидан тазйиқ остига олиниб, 1937 й. да қатағон қилинган.
Ас: Тароналар, Т., 1968; Ажзий, Сўфизода, Ибрат [Танланган асарлар], Т., 1999.
Ад.: Солиҳов Миён Бузрук, Сўфизода ва унинг ижоди, Т., 1934; Қосимов Б., Долимов У., Маърифат дарғалари, Т., 1990.
Бегали Қосимов.