ТОЖИМУРАТОВ Аденбой (1930, Мўйноқ тумани — 1992, Нукус) — Қорақалпоғистон халк, ёзувчиси (1990). Филол. фанлари номзоди (1966). Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1967). Хўжайли пед. билим юртини (1946), Нукус пед. интини тугатган (1952). Қорақалпоқ Ёзувчилар уюшмаси бошқаруви раиси (1963—65). Н. Довқораев номидаги Тил ва адабиёт интида илмий ходим (1965—68), Нукус пед. интида ўқитувчи (1968—77), Ўзбекистон пед. и. т. инти Қорақалпоғистон филиали директори (1977 й. дан). Илк шеърлар тўплами — «Тинчлик каптари» (1957) болаларга бағишланган. «Энг қадрли сўзлар» (1959), «Суҳбатлар» (1960), «Умри боқий чол» (1963) тўпламларига кирган ҳикояларида, «Саркопли ботир» (1961), «Мақсад» (1974), «Сулувхон» (1980) қиссалари ва «Ойдинлар» (1976) шеърий тўпламида қорақалпоқхалқи ҳаёти акс этган. Тожимуратов 1966 й. қорақалпоқ халқ қўшиқларини йиғиб, нашр эттирган. «Қорақалпоқ халқ кўшиклари» монографияси қорақалпоқ адабиётшунослигида муҳим ўрин тутади. «Қорақалпоқ фольклори» (1979) дарслиги муаллифларидан бири. Р. Тагорнинг «Ҳалокат» романи, А. Қаҳҳорнинг «Синчалак» қиссаси, Ч. Айтматовнинг «Қизил дуррачали дилбарим» қиссаси асосидаги пьеса, Сайд Ақмаднинг «Уфқ» романини қорақалпоқ тилига таржима қилган. Айрим асарлари ўзбек тилига таржима этилган.
Ас: Саркопли ботир, 1963.