ТОШКЕНТ ДАРВОЗАЛАРИ

ТОШКЕНТ ДАРВОЗАЛАРИ — ўрта асрларда шаҳар мудофаа деворига ўрнатилган дарвозалар. Тошкент дарвозалари тарихий манбаларда Бинкат дарвозаларидан маълум. Ибн Ҳавқалнинг ёзишича, Бинкат арк, шаҳристон, ички ва ташқи рабоддан иборат бўлиб, уларнинг ҳар бири мудофаа девори билан ўраб олинган. Аркнинг 2 дарвозаси, шаҳристоннинг Аббос (Абул Аббос), Кеш (Қаср) ва Жунайд (Гунбаз) деб аталган 3 та дарвозаси бўлган. Ички рабоднинг Работи Ҳамдейн (Хумдон), Оҳанин (темир қопланган), Мир (амир), Фаркон (Анҳор бўйи), Суркада, Карманж, Кўйи Сахл, Рошидизак, Кўйи Хоқон, Кўшки Деҳқон деб аталган 10 та дарвозаси, ташки рабоднинг эса Фағкат (Паркат), Хаскат (Хушкат), Сандижак (Сангдизак), Оҳанин, Бакрдизак, Сакрак, Сағрбод (Бофаряд) деб аталган 7 дарвозаси бор эди.

Шаҳар ҳудудининг кенгайиши билан шаҳар девори хам, у бўйлаб ўрнатилган дарвозаларнинг ўрни ва номлари ҳам ўзгариб турган. Шаҳар ягона мудофаа девори билан ўраб олиниб, мустаҳкам истеҳкомга айланган. Тарихчи Муҳаммад Солиҳнинт ёзишича, 14-а. охирида шаҳарнинг 12 дарвозаси [Қиёт, Турк, Ўзбек, Тахтапул, Қорасарой, Чиғатой, Суъбониён (Сағбон), Кўкча, Камондарон, Қанғли, Бешоғоч, Қатағон] бўлиб, уларни қўриқлаш маълум бир қабила вакилларига топширилган, шу туфайли дарвозалар қабила номлари билан аталган.

Абдуллахон П 1580 й. Тошкентни қамал қилганда шаҳарга 6 тарафдан ҳужум қилишга фармон берган. «Абдулланома» да шаҳарнинг Фаркат, Шибли, Кўкча, Туркистон(янги қурилган), Самарқанд, Регистон каби дарвозалари бўлганлиги қайд этилган. Кейинги асрларда шаҳар мудофаа девори ташқи душманлар ҳужумлари таъсирида вайрона ҳолига келган. Юнусхўжа даврида қайта тикланган. Қўқон хонлиги Тошкентни хонликка қўшиб олгач (1810), Лашкар қушбеги томонидан шаҳар девори қайта таъмирланиб, ҳар ер, ҳар ерда миноралар қурилган, янги дарвозалар ўрнатилган.

Тошкент подшо Россияси томонидан босиб олинган вақтда (1865), унинг қуйидаги 12 дарвозаси бўлган: Лабзак, Тахтапул, Қорасарой, Сағбон, Чиғатой, Кўкча, Самарканд, Камолон, Бешоғоч, Қўймас, Қўқон, Қашқар. Бундан ташқари, Қорасарой дарвозасидан шарқроқда бир отлиқ ўтишига мўлжалланган Тешик қофқа (Дарвишак қофқа) жойлашган бўлиб, у Дарвишхон (16-а.) замонида очилиб, дарвоза ўрнатилган; яна бир қофқа Бешоғоч ва Камолон оралигида бўлган.

Дарвозаларни қўриқлаш дарвозабонларга топширилган, улар тонгда дарвозаларни очиб, қоронғи тушиши билан ёпиб қўйганлар. Тошкент дарвозаларининг ҳар бирининг алоҳида рамзий калити бўлган. 19-а. нинг 70—90-й. ларида шаҳар ҳудудининг кенгайиши ва Тошкент дарвозаларига эҳтиёж бўлмагани сабабли улар бузиб ташланган. Ҳоз. да Тошкент дарвозалари жойлашган ерларни аниқлаш ва рамзий дарвозалар ўрнатиш бўйича муайян ишлар олиб борилмоқда.

Ад..Ҳофиз Таниш алБухорий, Абдулланома, 1 ва 2ж., Т., 1999—2000; Ўринбоев А., Бўриев О., Тошкент Муҳаммад Солиҳ тавсифида, Тошкент дарвозалари, 1983; Муҳаммаджонов А., Қадимги Тошкент, Тошкент дарвозалари, 2002.

Машҳура Шарипова.


Кирилл алифбосида мақола: ТОШКЕНТ ДАРВОЗАЛАРИ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: T ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



ТОШКЕНТ
АМИР ТЕМУР
ИБН СИНО
ТЕМУРИЙЛАР
Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты