ТОШКЕНТ ПРАВОСЛАВ СЕМИНАРИЯСИ — олий диний ўқув юрти. Рус православ черкови Тошкент ва Ўрта Осиё епархияси таъсис этган. 1990 й. да православ билим юрти сифатида ташкил этилган. Рус черкови Муқаддас Синодининг 1998 й. 9 апр. даги карори билан билим юрти семинарияга айлантирилган. Узбекистан, Қирғизистон, Қозоғистон ва Туркманистон давлатларидаги православиега эътиқод қиладиган фуқаролар диний эҳтиёжларини қондиради. Рус православ черкови қоидаларига мувофиқ, епархия бошкарувчиси митрополит семинария ректори ҳисобланади. Ўқиш кундузги ва сиртқи бўлимларда олиб борилади. 2003/04 ўқув йилида жами 95 нафар талаба таълим олди. Семинарияда диний билимлар билан дунёвий фанлар, шу жумладан, ўзбек ва инглиз тиллари, Ўзбекистон тарихи, география ва б. фанлар ўқитилади.