ВАХШУНВАР (мил. 5-а.) — эфталийлар подшоси. Тарихчи Феофан Византийский (б-а.)нинг маълумотига кўра, эфталийлар подшоси Вахшунвар деган ном билан юритилган. Унинг асл исми Эфталон бўлиб, унинг қабиласини эфталийлар деб аташган. Хитойнинг «Тан шу» йилномаси ҳам бу маълумотни тасдиқлайди. Тарихий манбаларда ёзилишича, Вахшунвар 457 й. га келганда Ўрта Осиёдан ташқари, Тохаристон ва Бадахшонни ўзига бўйсундирган. Сосонийлар шоҳи Перўз Вахшунварга қарши 3 марта муваффақиятсиз юриш қилган ва сўнгги 3-юриши (484 й.)да ўзи ҳалок бўлади. Вахшунвар Эрон устига жуда катта ўлпон солади ва Марв, Кобул, Панжобни ҳамда Шарқий Туркистондаги Қорашар, Куча, Кошғар ва Хўтанни забт этади. Вахшунвар раҳбарлигида эфталийлар Ўрта Осиё, Шарқий Эрон, Шим. Ҳиндистон ва Шарқий Туркистон ҳудудларидан таркиб топган ягона улкан салтанатни вужудга келтирганлар.
Комментарии 1