ВЕДАЛАР (санскритча веда — билим) — Ҳиндистон ёзма адабиётининг қад. ёдгорлиги. Мил. ав. 2-минг йилликнинг охири — 1-минг йилликнинг бошида яратилиб, Ведалар тўпламлари деб номланади. Бу маданий ёдгорликдан бизгача 4 та кисм (самҳита): «Ригведа» (қасида, мадҳия, дуолар тўплами), «Самаведа» (қўшиқлар тўплами), Аюрведа ёки Яжурведа (қурбонлик қилиш йўллари), Атҳарваведа (сеҳрли дуолар тўплами) етиб келган. Веда адабиёти бир неча минг йиллар давомида шаклланиб, қад. ҳиндлар тарихидаги турли жамиятларнинг диний-фалсафий, эстетик тараққиёт даражаларини ифодалайди. Ведалар ичида энг қад. си «Ригведа» ҳисобланади. У 10 китоб (мандала) дан иборат. Бунда табиатдаги нарса ва ҳодисалар (осмон ўзгариши, қуёш, юлдузлар, момақалдироқ, шамол, ёмғир, тоғлар, дарёлар) илоҳий кучлар сифатида гавдалантирилиб, улар шарафига қўшиқлар, мадҳиялар тўқилган, уларга қурбонликлар келтирилган. Инсоният ҳаёти, унинг бахт-саодати ана шу кучларга боғлиқ ҳолда тасаввур қилинган, «Ригведа»га кўра, Индра — момақалдироқ илоҳи, Митра — Қуёш тангриси, Варуна — Осмон маъбуди, Агни — Олов маъбуди, Яма — ажал, ўлим келтирувчи, Сама — Ой маъбудаси, Рита — Коинот тартибини англатади. «Ригведа» қўшиқларини тўпловчилар риши (илоҳий қўшиқларни тўқувчи донишманд)лар деб аталган. Беруний «Ҳиндистон» асарида ёзишича, инсон бўла туриб, илмлари сабабли фаришталардан афзал ва ортиқ бўлган ҳикматшунослар ришилар, деб аталганлар. Шунинг учун фаришталар ришилардан фойдаландилар, чунки ришилар билим эгасидирлар. Ришилардан юксакда фақат Бароҳим туради. «Ригведа» китобида қад. дунё фалсафий тафаккурининг ўзига хос бадиий ифодаси кўринади. Унда қад. ҳиндлар олам сирлари ҳақида фикр юритади. Mac, ҳеч нарсага таянмаган ва ёпиштирилмаган Қуёш нега қулаб тушмайди? Кечаси Қуёш қаёққа кетади, у қаерда? Шамол қаерда туғилиб, қаерга боради? Оламнинг асосини нима (ёки нималар) ташкил этади? В. да бу ва б. кўплаб бундай муаммолар кўтарилган. Шарқ файласуфлари тўрт унсур — сув, олов, ҳаво, тупроқни барча мавжудотларнинг асоси деб билганлар. Бу жиҳатдан Веда фалсафаси Арасту замонидаги, кейинроқ Форобий замонидаги фалсафий тафаккурга таъсир этган. Ведалар адабиёти Ведалардан ташқари браҳманлар, аранйакалар ва упанишадлардан иборат. Қад. Ҳиндистонда варна (каста)чилик жамияти вужудга келганида браҳманлар адабиёти ривожланган. Браҳманларда самҳиталардаги коҳинларнинг диний маросимлари шарҳлаб берилади.
«Аранйакалар» (айнан «Ўрмон китоби») жамиятдаги жабр-зулмдан, ғаразли, тубан, мол-дунёга ўч одамлардан ўрмонларга қочиб, ёлғизликда яшаганларга бағишланган.
Упанишад (махфий таълимот)лар асосан фалсафий-диний рисолалардир. Упанишадларда фалсафий масалалар анча кенг ёритилган бўлиб, ҳиндлар тангриси Браҳма (Берунийда — Бароҳим) борлиқнинг ибтидоси ва интиҳоси, барча мавжудотларнинг асоси, деб улуғланади. Упанишадларга кўра, моддий олам, шу жумладан, инсон ҳам Атма-Браҳмадан пайдо бўлган ва ўшанга қайтади. Бу фикр исломдаги — суфийлар (Ибн Арабий, Мансур Ҳаллож ва б.)нинг бутун борлиқ Аллоҳнинг тажаллийси, жамоли, яхши, пок инсонлар ҳақ висолига етишиб, у б-н қўшилиб кетади, деган фикрларига уйғундир. Упанишадларда айтилишича, инсон бунга эришиш учун муайян ахлоқий мезонларга, карма ва дхарма таълимотига риоя қилиши керак. Упанишадларга кўра, ҳар бир инсон ўзидаги илоҳий дхармаларга мувофиқ яшайди. Агар инсон бу дунёдаги ҳаётида покиза, эзгу ниятлар билан яшаса, қайтадан дунёга келишда яна инсон бўлиб келади. Аксинча бўлса, одам тубан, ҳайвоний ишлар қилса, кейинги келишида жони ҳайвонга кўчади. Беруний «Ҳиндистон» асарида ёзишича: шу табақалар (браҳманлар, кшатрий-ҳарбийлар, вайшья — деҳқонлар, чорвадорлар, шудра — қуйи табақа вакиллари)дан кимнинг халос бўлишга тайёр ва лойиқ экани ҳақида ҳиндларнинг фикри турличадир. Баъзи ведашунослар браҳманлар ва кшатрийдан бошқалар қутулиш (нажот)га қобил эмас, чунки Ведаларни ўрганишга фақат улар ҳақли холос, дейдилар.
Ансориддин Иброҳимов.