ВЕСТГОТЛАР, визиготлар, тервинглар — герман қабиласи, готларнинг ғарбий тармоғи. Мил. 3—4-а. ларда Днестр дарёсининг ғарбий томонида яшаган Вестготлар 4-а. нинг 70-й. ларида гуннлар сиқуви остида Дунай дарёсидан ўтиб Мёзияга ўрнашганлар (қ. Халқларнинг буюк кўчиши). 418 й. Жан. Галлияда Ғарбий Рим империяси ҳудудида маркази Тулуза ш. бўлган илк варвар қироллигини барпо этганлар. 5-а. 2-ярмида В. Испаниянинг катта қисмини эгаллаб олганлар. 507 й. франклар томонидан Жан. Галлия босиб олингач, бу ер Вестготлар қироллигининг асосий ҳудуди бўлиб қолган; 6-а. ўртасидан унинг пойтахти Толедо ш. бўлган. Вестготлар айрим маҳаллий ер эгалари қўлидаги ҳайдаладиган ерларнинг 2/3 қисмини тортиб олганлар. Рим тартиботи билан яқиндан танишиш Вестготлар ларга уруғ-қабилачилик муносабатларидан илк мулкчилик тузумига ўтиш имконини берган. Вестгот қироллигида ҳукмрон этник гуруҳ бўлган босқинчи Вестготлар аста-секин маҳаллий испан-рим аҳолиси билан аралашиб кетган. 711—718 й. ларда Вестготлар давлати араблар томонидан забт этилган (яна қ. Испания).