ТРОМБОФЛЕБИТ (юн. trombos — лахта ва plebos—вена) — вена деворининг яллиғланиб, унда тромб ҳосил бўлиши. Тромбофлебитда кўпроқ оёқ веналари зарарланади. Тромбофлебит айрим инфекцион касалликлар (терлама) ёки веналар шикастланиши оқибатида, баъзан туғруқдан кейинги асорат сифатида пайдо бўлиши мумкин. Тромбофлебитга қон оқиши сусайиб, қон ивишининг кучайиши ва веналар деворининг ўзгариши сабаб бўлади. Тромбофлебит жиддий касаллик бўлиб, оғир асора!ларга олиб келади. Айниқса, юздаги Тромбофлебит хавфли, чунки бунда яллиғланиш жараёни бош мияга тарқалиб кетиши мумкин; чаноқ веналари Тромбофлебити эса кўпинча жигарнинг зарарланишига олиб келади. Ўткир ва сурункали, веналарнинг жойлашишига қараб юза ва чу кур Тромбофлебит фарқ қилинади. Оёқ чуқур веналарининг ўткир Тромбофлебити тўсатдан бир неча соат ичида бошланади. Зарарланган вена бўйлаб атрофидаги мускуллар оғрийди, оёқ шишади, беморнинг умумий аҳволи ёмонлашиб, ҳарорати кўтарилади (39° ва ундан юқори), эти увушади. Касалликнинг ўткир хуруж даври пасайгандан кейин сурункали шаклга ўтиб кетиши мумкин. Баъзан веналар йўлининг тўсилганча қолиши оёқда қон оқишини қийинлаштириб, шиш пайдо бўлиши, веналарнинг варикоз кенгайишит олиб келади.
Юза веналарнинг ўткир Тромбофлебит ида тери ости веналари қаттиқ оғрийди, оёқ шишмаслиги ҳам мумкин. Яллиғланган венада оғриқли, қаттиқ тугунча ҳосил бўлиб, шу жой териси қизаради; гавда траси кўтарилади; лимфа безлари катталашади. Иложи борича барвақт ва тўғри даво қилинса, бемор тезда тузалиб кетади. Кечиктирилган ҳолларда абсцесс, флегмона каби оғир асоратлар пайдо бўлиши ёки касаллик сурункали туе олиши мумкин. Ўткир Тромбофлебитга хос аломатлар пайдо бўлганда мутахассис врачга кўриниш лозим. Массаж қилиш (уқалаш) ёки мазь суртиш ярамайди. Даво касаллик босқичи ва шаклига боғлиқ хрлда олиб борилади; оғирроқ ҳолларда операция қилинади.