ВИЛЮЙ — Шарқий Сибирнинг ғарбидаги дарё, Ленанинг чап ирмоғи. Ўрта Сибирь ясситоғлигидан бошланиб Якутск ш. дан 300 км ўтгач, Лена дарёсига қуйилади. Уз 2650 км, ҳавзасининг майд. 454 минг км2. Юқори ва қуйи оқимлари кенг водийдан осойишта оқади. Вилюй қор ва ёмғир сувларидан тўйинади. Ўртача сув сарфи 1480 м3/сек. Окт. нинг ўрталаридан майнинг ўрталаригача музлаб ётади. Вилюйда қуйилиш еридан 1371 км масофада кема қатнайди. Чернишевский посёлкасида ГЭС ва сув омбори қурилган.