ТУРКМАНИСТОН — Ўрта Осиёнинг жан. ғарбида жойлашган давлат. Майд. 488,1 минг км2. Аҳолиси 4,7 млн. киши (2002). Пойтахти — Ашхобод ш. Маъмурий жиҳатдан 5 вилоятга, вилоятлар этрап (туман )ларга бўлинади.
Давлат тузуми. Туркманистон — бетараф давлат. 1995 й. 12 дек. Туркманистон бетарафлиги куни. Амалдаги конституцияси 1999 й. 18 майда қабул килинган. Давлат бошлиғи — президент (1990 й. дан С. Ниёзов). Қонун чиқарувчи ҳокимиятни Мажлис (парламент), ижрочи ҳокимиятни Вазирлар Маҳкамаси (ҳукумат) амалга оширади.
Табиати. Туркманистон ҳудудининг аксарияти текисликдан иборат бўлиб, қарийб 4/5 қисми Турон текислиги (Қорақум чўли) да жойлашган. Фақат жан. да тепаликлар ва ўртача баландликдаги тоғлар бор. Каспий денгизининг Туркманистонга қарашли жан. қирғоклари кам парчаланган, шим. да Қорабўғозгўл, Красноводск, Туркман қўлтиқлари, Красноводск, Даржа, Челекен я. о. лари ва кум тиллари бор. Денгиз соҳили паст, қумли. Туркманистон жанубида Копетдоғ тоғлари (энг баланд жойи 2942 м — Ризо чўққиси), ундан шим. ғарбда Кичик Болхон (777 м гача) ва Катта Болхон (1881 м гача) тоғлари жойлашган. Жан. шарқдаги Бодхиз қирлари (энг баланд жойи 1267 м) ва Қорабел қирлари (энг баланд жойи 984 м) ўртасидан Мурғоб дарёси оқиб ўтади. Чекка жан. шарқда Ҳисор тизмасининг Кўҳитанг тармоғи (бал. 3139 м — Т. нинг энг баланд нуктаси) бор. Туркманистоннинг ғарбида Красноводск платоси, шим. ғарбида Устюрт платосининг жан. чеккаси, ундан жан. да эса Орқа Ўзбўй бурмали рни ётади. Каспий бўйи пасттекислигида Небитдоғ (39 м), Боядоғ (134 м), Қумдоғ, Манжуқли (27 м) ва б. қирлар кўтарилиб туради. Копетдоғ текислигидан шим. ва шим. шаркда Қорақум чўли, Амударё ва Тажан дарёлари оралиғида Жан. Шарқий Қоракум чўли жойлашган. Туркманистоннинг жан. қисмида тез-тез зилзила бўлиб туради. Муҳим қазилма бойликлари — нефть ва газ; кумир, мирабалит, олтингугурт, кора ва рангли металл, мис, алюминий, симоб, молибден конлари аникланган.
Иқлими кескин континентал, қурғоқчил иқлим. Ёзи иссиқ ва қуруқ, қиши юмшоқ, қор кам ёғади. Янв. нинг ўртача траси шим. шаркда —5° дан Атрек дарёси атрофида 4° гача, баъзи йилларда Тошҳовуз вилоятида абсолют минимал тра —32° гача. Июлда шим. шаркда 28°, жан. да 32°, абсолют максимал тра 49,9° гача. Туркманистон ҳудудининг 80% да доимий оқар сув йўқ; жан. ва шарқий ҳудудлардагина дарёлар бор. Энг катта ва серсув даре — Амударё. Бу дарёнинг суви Қорақум канали орқали Баҳарденгача борган —900 км. Кўлларнинг аксарияти шўр. Чучук сувли Ясхан кўли Небитдог ш. ни ичимлик сув билан таъминлайди. Тупроқлари — Устюрт, Красноводск, Орка Унгуз платоларида сурқўнғир, тоғ этаклари, тоғ ён бағирларининг қуйи қисмида, тоғ олди текисликларида, тоғларнинг қуйи минтақасида бўз тупроқ, юқорирокда тўқ бўз, тоғ тепаларида тоғқўнғир тупроқлар тарқалган. Қорақум чўлининг аксариятини қум эгаллаган; пастқам жойларда тақир, шўрхок, дарё водийларида ўтлоқибўз ва аллювиалўтлоқи тупроклар бор. Туркманистон ҳудудининг тахм. 2% суғорилади. Туркманистоннинг ўсимлик ва ҳайвонот дунёси хилмахил. Қумли чўлларда оқ ва қора саксовул, қандим, черкез, қуёнсуяк, астрагал каби буталар, шўрхок ерларда юлғун, сарисазан, шохилак ва б., дарё водийларидаги тўқайларда бачки терактол ва жийдазорлар, Копетдоғ олди чўлларида ва қирларда шувоқ ва ҳар хил эфемер ўтлар, тоғларнинг 1500 м дан юқори қисмида арча, Ғарбий Копетдоғ дараларида ёввойи ток, олма, олча, бодом, анор, ёнғоқ, анжир, писта дарахтлари ўсади. Ҳайвонот дунёси — чўлда қуён, бўри, тулки, чиябўри, жайран, тоғларда қоплон, архар, морхўр, Амударё водийсида тўнғиз, кийик, қирғовул ва б. яшайди. Дарё ва сув омборларида балиқ кўп. Туркманистон ҳудудида Бадхиз, Красноводск, Репетек ва б. қўриқхоналар бор.
Аҳолисининг аксарияти туркманлар; шунингдек, рус, узбек, қозоқ, татар, украин, арманлар ҳам яшайди. Шаҳар аҳолиси 45%. Расмий тил — туркман тили. Диндорлари, асосан, сунний мусулмонлар. Йирик шаҳарлари: Ашхобод, Туркманобод, Тошҳовуз, Мари, Туркманбоши.
Тарихи. Туркманистон ҳудуди қадимда Аҳоманийлар давлати, Александр истилосидан сўнг вужудга келган Салавкийлар давлати, Парфия, ЮнонБактрия подшолиги, Эфталийлар, Турк хоқонлиги, Араб халифалиги, Тоҳарийлар давлати, Сомонийлар, Салжуқийлар давлати, Хоразмшоҳлар давлати, Мўғуллар давлати таркибида бўлган. 14-а. нинг 70—80-й. ларидан Туркманистон ҳудуди Темурийлар гасарруфига ўтган. 16-а. охири — 17-а. да Хива ва Бухоро хонликларига қарам бўлди, бир қисми Эрон таркибига ўтиб қолди. 1869—85 й. ларда Туркманистон ҳудудини Россия босиб одди. 1917 й. нояб. — дек. да совет ҳокимияти ўрнатилди, 1918 й. 30 апр. да Туркистон мухтор совет социалистик республикаси ташкил этилгач, Туркманистоннинг асосий қисми (Закаспий вилояти, 1921 й. авг. дан Туркманистон вилояти) унинг таркибига кирди. 1924 й. Ўрта Осиёда «миллий давлат чегараланиши» деб аталган бўлиб ташлаш сиёсати натижасида 1924 й. 27 окт. да Туркманистон ССР ташкил топди ва СССР таркибига киритидди. Шундан кейинги йилларда туркман халқи КПССнинг қишлоқ хўжалиги. ни жамоалаштириш, мамлакатни индустриялаш сиёсати ва қатағонлар азобуқубатларини тортди. 1991 й. окт. да Мустақиллик ҳақида декларация қабул қилинди, мамлакат Туркманистон деб атала бошлади. Туркманистон —1992 й. дан БМТ аъзоси, 1993 й. 7 янв. да ЎзР суверенитетини тан олган ва дипломатия муносабатлари ўрнатган. Миллий байрами — 27 окт. — Мустакиллик куни (1991).
Сиёсий партияси. Расмий равиҳда 1 партия рўйхатга олинган: Туркманистон демократик партияси (собиқ Коммунистик партия негизида 1991 й. тузил ган).
Хўжалиги. Туркманистон — аграриндустриал мамлакат. Миллий даромад таркибида саноатнинг улуши 50%, қишлоқ хўжалиги. ники 18%, хизмат кўрсатиш соҳасиники 32%.
Саноатининг етакчи тармоклари: газ ва нефть қазиб чиқариш, энергетика, кимё, машинасозлик, енгил (қишлоқ хўжалиги. хом ашёсини қайта ишлаш), озиқ-овқат (ёғмой, виночилик), бинокорлик материаллари саноати. Бузмайин ГРЭС, Туркманбоши, Небитдоғ, Туркманобод, Мари, Гугуртдоғда иссиқлик электр стялари барпо этилган. Йилига ўртача 10,5 млрд. кВт соат электр энергия ҳосил қилинади. Нефть қазиб чиқариш ва уни қайта ишлаш Туркманистоннинг ғарбий рнларида олиб борилади, Челекен ғарбида денгиз тубидан нефть қазиб олинади. Асосий газ конлари: Газўчоқ, Наип, Шатлик, Гугуртдог ва б. Нефтни кайта ишлаш тармоғида бензин, керосин, дизель ёнилғиси, мазут, битум, электродли кокс, кир ювиш воситалари, кимё саноатида натрий сульфат, йод, бром, олтингугурт, минерал ўғит, олтингугурт кислотаси, суперфосфат, фторли алюминий ишлаб чикарилади, машинасозлик ва металлсозлик корхоналарида тепловоз ва автомобиллар таъмирланади, марказдан қочирма нефть насослари, культиватор, электр кабели, газ плиталари, озиқ-овқат саноати учун ускуналар ишлаб чиқарилади. Енгил саноат пахта, жун, пиллани дастлабки қайта ишлаш, ип газлама, жун ва ипак газлама, трикотаж ишлаб чиқариш., қоракўл ошлаш, пиллакашлик, тикувчилик, кўнчилик, пойабзал корхоналаридан иборат. Ёгочсозлик, полиграфия, шиша саноати ҳам муҳим ўрин олади. Асосий саноат марказлари: Ашхобод, Тошҳовуз, Туркманобод, Мари, Туркманбоши, Небитдоғ, Байрамали ва б.
Қишлоқ хўжалигининг етакчи тармоғи — деҳқончилик. Унда пахтачилик асосий ўрин эгаллайди. Воҳаларда ва тоғ ён бағирларида етиштирилади (асосан, ингичка толали пахта). Донли экинлардан буғдой, арпа, шоли, оқ жўхори ва маккажўхори, емхашак экинлари, полиз экинларидан қовун, тарвуз етиштирилади. Боғ ва токзорлар бор. Атрек дарёси ва унинг ирмоқлари бўйларида субтропик экинзорлар (анор, зайтун, анжир, бодомзорлар) бор. Чорвачилик қишлоқ хўжалиги. нинг муҳим тармоғи ҳисобланади. Тоғли жойларда қорамол, қўй, эчки, йилқи боқилади, текисликларда қоракўлчилик ва туячилик, Туркманобод, Ашхобод, Мари вилоятларида пиллачилик, сув ҳавзаларида балиқ хўжалиги ривожланган.
Транспорти. Туркманистон узунлиги 2,12 минг км, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари уз. 13,6 минг км, жумладан, қаттиқ қопламали йўллар уз. 11,6 минг км. Асосий денгиз порти — Туркманбоши. Туркманбоши — Боку, Бекдаш — Боку йўналиши бўйича т. й. ли денгиз пароми мавжуд. Амударё ва Қорақум каналида кема катнайди. Трубопровод транспорти мавжуд. Нефть ва газ қувурлари, жумладан, Вишка — Туркманбоши, Челекен — Туркманбоши нефть қувурлари мавжуд. Туркманистон четга табиий газ, нефть ва нефть маҳсулоталари, пахта, минерал ўғит ва б. чиқаради. Четдан машина ва ускуналар, кора металлар, транспорт воситалари, кийимкечак, пойабзал, дон, кандшакар олади. Россия, Украина, Ўрта Осиё мамлакатлари ва Қозоғистон билан савдо қилади. Туркманистоннинг ЎзР билан ташки савдо айланмаси 2003 й. да 2002 й. га нисбатан 17,3% ортди ва ЎзР нинг ташки савдосидаги улушининг 1,3% ни ташкил этди. Пул бирлиги — манат.
Тиббий хизмати. Давлатга карашли тиббиёт муассасалари билан бир қаторда хусусий шифохоналар ҳам бор. Врачлар Ашхобод тиббиёт интида тайёрланади. Машҳур курортлари: Байрамали, Феруза иқлимий, Арчман бальнеология ва Муллақора балчиқ билан даволаш санаторийлари.
Маорифи, илмий ва маданиймаърифий муассасалари. Маорифи бошланғич, тўлиқсиз ўрта ва умумий ўрта таълим мактабларидан иборат. Ўрта махсус таълим ўқув юртлари турли касбларни ўргатади. Туркманистонда бир қанча олий ўқув юрти, жумладан, Ашхободда Туркманистон университета, политехника, қишлоқ хўжалиги., пед., санъат, тиббиёт, халқ хўжалиги ва б. интлар, Туркманободда пед. институти мавжуд. И. т. лар унинг таркибидаги интлардан ташқари Сил касалликлари инти, Кўз касалликлари инти, Неврология ва физиотерапия инти, Радиология ва рентгенология инти, Онкология инти, Чорвачилик ва ветеринария инти, Тупроқшунослик инти ва б. илмий муассасаларда олиб борилади.
Туркманистонда Туркманистон давлат кутубхонаси бир қанча театр, цирк, 15 давлат музейи, шу жумладан, Ашхободда Туркманистон тарихи музейи, тасвирий санъат музейи, «Ниса» тарихиймаданий қўриқхона ва б. маданиймаърифий муассасалар мавжуд. Матбуоти, радиоэшиттириши, телекўрсатуви. Туркманистонда 20 та газ. ва журнали, жумладан, рус тилида «Нейтральнўй Туркменистан» («Бетараф Туркманистон»), туркман тилида «Туркменистан» газ. лари нашр этилади. Туркманистон давлат ахборот агентлиги (ТУРКМАНПРЕСС), Т. миллий телерадиокомпания фаолият юритади. Туркманистонда мунтазам радиоэшиттириш 1927 й. дан, телевизион кўрсатувлар 1959 й. нояб. дан бошланган.
Адабиёти халқ оғзаки ижодиётидан бошланган. Ўрта Осиё халкларининг муштарак асари бўлмиш «Китоби дадам Қурқут» ўғуз элати ҳаётини тасвирлайди. «Шоҳсанамғариб», «Саёт ва Ҳамро», «Гўрўғли», «Лайли ва Мажнун», «Юсуф ва Зулайҳо» каби достонларнинг туркман вариантлари кенг тарқалган. 18-а. да туркман шоирлари назм тилини халқ тилига яқинлаштирдилар. Маҳтумқули адабиетда янги йўналишни бошлаб берди. 18-а. охири — 19-а. бошларида Дурди Шоир, Саидий, Зилолий, Мисқинқилич, Андалиб, Шайдоий, Озодий, Ғойибий, Камина туркман адабиёти ривожига катта ҳисса қўшдилар. 19-а. да яшаб ижод этган туркман шоирлари ижодида лирика етакчи жанр бўлди. Асл муҳаббатни мадҳ этувчи «Зуҳро ва Тоҳир» достонининг муаллифи Мулланафас туркман адабиётидаги лирика жанрининг ёрқин намояндасидир.
20-а. 20-й. ларида бадиий насрчилик ривожлана бошлади. Шоир ва ёзувчилардан Ёқуб Носирли, Б. Кербобоев, Н. Сарихонов, А. Дурдиев, X. Деряев, драматурглардан А. Карлиев, Б. Омонов ва б. адиблар ҳикоя, қисса, роман ва пьесаларида халқ ҳаёти, қувонч ва ташвишларини ҳаққоний тасвирлашга интилдилар. 1934 й. Т. ёзувчилар уюшмаси ташкил этилди. 1928 й. дан ёзувчиларнинг ойлик адабийбадиий журнали нашр этила бошлади. 2жахрн уруши йиллари туркман адиблари босқинчиларга қарши халқ нафратини ифодаловчи назмий ва насрий асарлар яратдилар. Жумладан, Ё. Носирлининг «Лейтенантнинг ўлими», П. Нурбердиевнинг «Ватанпарвар чол» достонлари, К,. Сейтлиевнинг шеърлари, Д. Холдурдининг «Оқхалатли қиз» достони ва б. асарларда уруш ва туркман халқининг фронт орқасидаги фидоийлиги ўз аксини топган. Урушдан кейинги туркман адабиётида тинчлик учун кураш, одамлар ўртасидаги муносабат асосий мавзу бўлди. 50-й. ларда А. Отажонов, М. Саидов, К. Қурбоннапасов, А. Хайдов ва б. адабиётга кириб келдилар. 60—70-й. лардан йирик насрий асарлар адабиетда етакчи ўрин эгаллади. Қилич Қулиевнинг «Қора карвон», Беки Сейтоқовнинг «Биродарлар», X. Деряевнинг «Қисмат» романлари ва б. яратидди. Б. Кербобоев, X. Исмоилов, М. Гарриев, К. Тангриқулиев, А. Боймуродовлар болалар адабиетига қизиқарли асарлари билан ҳисса кўшдилар.
20-а. нинг 2ярмида йирик насрий асарлар адабиетда етакчи ўрин эгаллади. Б. Худойназаров, А. Курбонов, О. Окмамедов, Я. Маметйев, Т. Жумагелдиев ва б. адибларнинг романлари босилиб чикди. А. Муродов, У. Абдуллаев, Ж. Аллаков, Р. Ражабовлар адабиётшунослик ва адабий танқид соҳасида баракали ижод қилдилар. Бошқа халқлар адиблари, жумладан, ўзбек ёзувчиларининг энг яхши асарларини туркман тилига таржима қилишга катта аҳамият бериб келинди.
Меъморлиги ва тасвирий санъати. Туркманистон ҳудудида қад. манзилгохлар (Ашхобод яқинидаги Жайтун ва Пассажиктепа) қолдиқлари сакланиб қолган. Бундан ташкари, йирик қишлокларнинг қоддиқларини ҳам учратиш мумкин (Намозгоҳтепа, Улуғтепа, Олтинтепа). Турли даврларда мустаҳкам деворлар билан ўралган шаҳарлар (Марвдаги Эркқалъа, Каушут яқинидаги Элкентепа) вужудга келган. Мил. 5 — 7-а. ларда хом ғишт ва пахсадан қўрғонлар, 2 қаватли кўшклар қурилди. 11 — 12-а. ларда шаҳарларда масжид, Мадраса, карвонсарой, тимлар, мақбаралар, турар жой маҳаллалари барпо этилди (Абу Сайд мақбараси, Абулфазл мақбараси ва б.). Пишиқ ғиштдан маҳобатли иморатлар қурилиб, томи гумбаз шаклида ишлана бошлади. 12-а. да биноларни безашда бир томони сирланган ғишт ва кошиндан фойдаланиш раем бўлди. Мақбаралар ўзига хос меъморий шаклда бунёд этилган. Марвдаги Султон Санжар мацбараси, Кўҳна Урганчдаги Нажмиддин Кубро мақбараси, Фахриддин Розий мацбараси, Султон Такаш мақбараси ва б. сиркорлик ва нақшкорлик усулида серҳашам безатилган. Марвдан Хоразмга бориш йўлидаги Оқчақалъа, Чошқалъа, Дояхотин карвонсаройи ички ҳовлисининг 4 томони пешайвонли қилиб қурилган. 14—15-а. ларда Темурийлар даври меъморлигига хос маҳобатли ва пештокли бинолар қурила бошлади. 19-а. 2ярмида Красноводск, Ашхобод, Чоржўй, Байрамали, Қизиларвот каби янги шаҳарлар пайдо бўлди. Аммо кўчманчи қабилалар ҳамон кигиз ўтовда яшар эди.
20-а. нинг ўрталаридан туркман меъморлари уйжой қурилишида иссиқ иклим шароитини қисобга ола бошлаган бўлсалар, 1948 й. Ашхобод зилзиласидан сўнг шаҳарсозликнинг Туркманистон учун алоҳида усулларини ишлаб чиқдилар. 60—70-й. лар меъморлигида содда шаклларга интилиш кучайди, 70 — 80-й. ларда меъморлик билан безак санъатини бирга қўшиб, атрофдаги манзарага мослашув тамойиллари устунлик қила бошлади (А. Аҳмедов ва Ф. Аҳмедов раҳбарлигида ижодий жамоалар лойиҳалаган «Ашхобод» меҳмонхонаси, «Айна» ресторани, Давлат банки, Қурилиш банки бинолари).
Бадиий ҳунармандликда кулоллик (8-а. дан қолипаки нақшланган сирсиз сопол идишлар), бадиий тўқув, заргарлик, гиламдўзлик ривожланган. Айниқса, 18—20-а. ларда геометрик шаклли нақшлар билан безатилган кизил, жигарранг, така, салор, ёвмут гиламлари бадиий киммати билан машҳур бўлган.
Замонавий тасвирий санъат Т. да 19-а. нинг 2ярмида пайдо бўла бошлади. Н. Н. Каразин, К. С. Мишин, Назар Ёвмутий туркманлар турмушининг ижтимоий жиҳатларини ифодалашга ҳаракат қилдилар. 20-а. нинг 20-й. ларида «Шарқ санъати зарбдор мактаби» очилгач, Туркманистонда профессионал бадиий таълим йўлга қўйилди. Шу мактабда таҳсил олган Б. Нурали, С. Н. Бекларов, кейинчалик уларнинг сафига қўшилган Ю. П. Данешвар, И. Кличев, А. Ҳожиев, А. Қулиев, Н. Хўжамуҳамедов, А. ва Ч. Омонгелдиевлар тасвирий санъатни ривожлантиришга муҳим ҳисса қўшдилар. 20-а. нинг 2ярмида туркман бадиий санъатида графика, дастгоҳ гравюраси, натюрморт, автопортрет, театр ва кино безакчилиги каби жанрлар ривож топди.
Истиклол йиллари Туркманистон тасвирий санъатида миллийликка эътибор кучайди. Дастгоҳ рангтасвири, графика, махрбатли ҳайкалтарошлик ривожланди. Кекса авлод вакилларидан И. Кдичев, А. Алмамедов, шунингдек, Ш. Акмуҳаммедов, А. Муҳаммедов, Я. Байрамов, Ж. Амандурдиев, Ч. Амандурдиев, Г. Гусейнов, А. Муродалиев, К. Нурмуродов ва б. самарали ижод қилмоқдалар. Чунончи, Ш. Акмуҳаммедов ижодида ўтмиш билан ҳоз. куннинг узвий боғлиқлигини кўрсатиш, миллий эстетик тамойилларни ифодалаш, Я. Байрамов ижодида дадил новаторлик, атроф муҳитни, умуман ҳаётни фалсафий талқин қилишга интилиш сезилади. 1939 й. Т. Рассомлар уюшмаси ва 1994 й. Миллий Бадиий академия ташкил этилган.
Мусиқаси. Анъанавий шакллари қад. иронии элатлар мусиқа ижоди ҳамда туркўғиз қабилаларининг мусиқа анъаналари негизида қарор топган. Парфия пойтахти Нисо, Марғиёна пойтахти Марв, Сарахсдан топилган археологик ёдгорликлари исломгача бўлган мусиқа маданияти (мусиқа чолғулари) ҳақида тасаввур беради. Салжуқийлар давлати даври (11—12-а. лар)да туркманларнинг мусиқа маданияти равнақ топди. Туркман халқ қўшикдари орасида деҳқон жамоалари ҳаётига хос мавсум маросим қўшиқлари («Йилан ойни», «Чемче гелин», «Химмил», «Хешелле» ва б.), шунингдек, оилавий маросим ва маиший («Хушрой», «Эдемэкрем», «Ўлан», «Азади», «Чапак», «Зикир», «Хувди», «Аги») қўшиқлари, байрам ва сайилларда аёллар ижро этадиган «Ляле», «Маврике» каби жанрлар кенг ўрин олган. Мусиқа чолғулари орасида қад. хизлавук, жулжул, гопуз (чангқўбиз) ҳамда пуфлама туйдуклар, доирасимон депрек, дутор ва ғижжаклар мавжуд. Айниқса, туркман дутор куйлари (Қирқлар, Салтикдар, Муқамлар) шакли мураккаблиги, нолаларга бойлиги билан ажралиб туради. Миллий профессионал мусиқа йўллари туркман бахши ва созандалар ижодида намоён бўлади. Бахшилар дутор (дутор ва ғижжак, баъзида гаргитуйдуклар) жўрлигида қаҳрамонлик ва ишқий мавзудаги («Гўрўғли», «Нежеб ўғлон», «Саёт ва Ҳамро», «Шоҳсанам ва Ғариб» каби) достонларни маҳорат билан, махсус куйлаш усулларидан кенг фойдаланиб ижро этадилар. 1929 й. Ашхободда бадиий техникум мусика бўлими билан бирга очилди (1935 й. дан мусиқа билим юртига айлантирилган). Илк туркман композиторлари А. Кулиев, В. Мухатов, Д. Овезовлар етишиб чикди. 1929 й. симфоник оркестр, 1934 й. хор, 1941 й. Опера ва балет театри ташкил этилди. 1941—45 йларда «Зуҳро ва Тоҳир», «Шоҳсанам ва Ғариб» опералари, «Алдар кўса» балети яратилди. Композитор А. Шапошников билан В. Мухатовнинг «Камина ва қози» ҳажвий операси, М. Равич билан Н. Мухатовнинг «Зўраки табиб» балети, А. Қулиев, А. Шапошников, В. Аҳмедовнинг оркестр учун ёзган концертлари 50—60-й. лардаги туркман мусиқасининг ютуғи бўлди. 70—80йларда туркман мусиқаси услубида янги силжиш содир бўлди. Композиторлардан Ч. Нуримов («Гармселнинг ўлими», «Қўҳитанг фожиаси» балетлари, симфоник концертлари), Н. Холмамедов (вокал қўшиклари), А. Агажиков («Сўна» ва «Тахдикали тун» опералари, «Феруза» балети), Р. Оллаёров (оратория ва симфониялари) янги ифода усулларидан фойдаландилар. Ч. Ортиқов, Д. Нуриев каби ёш композиторлар ижод кила бошлади. Ижрочилар орасида дирижёр X. Аллануров, хонандалардан А. Аннақулиева, М. Қулиева, М. Шахбердиева, раққос ва раққосалардан Г. Мусаева, А. Пурсияновлар машҳур.
Ашхобод ва Тошҳовузда мусиқали драма театрлари, Ашхободда Миллий консерватория, Ашхобод, Мари ва Туркманободда мусиқа ва санъат билим юртлари, турли шаҳарларда мусиқа мактаблари бор.
Театри. 1918 й. дан ҳаваскор театр тўгараклари тузила бошлади. 1926 й. дастлабки миллим драма студияси ташкил этилди. Унда драматурглар К. Бурунов, А. Каушутов, реж. Ю. Алимзода даре бердилар, Сурай Муродова, А. Қулмамедов, К. Бердиев, О. Дурдиева, К. Қулмуродов ва б. актёрлар таҳсил олдилар. 1929 й. шу студия негизида туркман театри (хоз. Мулланафас номидаги драма театри) барпо этилди. Унда Б. Кербобоевнинг «Юксалиш», А. Карлиевнинг «Айна» пьесалари ва чет эл драматургларининг асарлари саҳналаштиридди. Мари, Карки, Қизиларвот ва б. шаҳарларда янги театрлар очилди. 20-а. нинг 2ярмида туркман театрларида Г. Мухторов, К. Сейтлиев, Б. Омонов, Қ. Қулиев, А. Н Островский, У. Шекспир пьесалари қўйилди. Театр жамоалари орасида Ашхободдаги ёш томошабинлар театри, Маридаги Камина номли драма театри, Туркманободдаги мусикали драма театри, санъат арбобларидан Б. Омонов, А. Дурдиев, М. Черкезов, М. Кириллов, С. Отаева, Т. Ғафурова, Н. Суюнова, М. Аймедовалар машҳур.
Киноси. 1926 й. кинофабрика ташкил этилди, кейинчалик у «Туркманфильм»га айлантирилди (ҳоз. А. Карлиев номидаги киностудия). Шу ерда дастлабки ҳужжатли фильмлар — «Оқ олтин» (1929, реж. А. Владичук), «Чўлда биринчи» (1932, реж. М. Бистрицкий), «Мисли кўрилмаган воқеа» (1936) яратилди. Дастлабки бадиий фильмлар — «Унутиб бўлмайди» (1931, реж. Д. Познанский), «Етти юрак» (1935, реж. Н. И. Тихонов), «Мен қайтаман» (1935, реж. А. Ледашчев), «Дурсун» (1940, реж. Е. ИвановБарков) экранга чиқарилди. 40—50-й. ларда яратилган фильмлар («Олисдаги келин», «Кекса Аширнинг ҳийласи», «Оила номуси», «Биринчи имтиҳон») муваффақият қозонмади ва танқидга учради. 60-й. ларда воя га етган X. Нарлиев, К. Язхонов, М. Қурбонкличев, Я. Саидов, М. Суюнхонов каби ёш реж. ларнинг ижоди кинематографияни жонлантирди. Б. Б. Мансуровнинг «Мусобақа» фильми (1964) гоявий етуклиги, ифода воситасининг таъсирчанлиги билан ажралиб туради. Унда мураккаб инсоний муаммолар тарихий воқеалар асосида ҳал этилган бўлса, ўша реж. нинг «Чанқовни босиш» фильмида (1967) мазкур муаммолар замонавий воқелиқда ифодалаб берилган. «Маҳтумқули» (1968) ва «Мақом сирлари» (1974) фильмлари тарихий шахсларга бағишланган. X. Нарлиевнинг «Қорақум, сояда 45°» (1983) фильмида газчиларнинг ҳаёти тасвирланган. Ёш реж. X. Какабоевнинг «Отам қайтсинчи, курасан», X. Нарлиевнинг «Жамол дарахти» фильмлари туркман кинематографиясининг сўнгги йиллардаги ютуқла]эи жумласига киради.
Ўзбекистон — Т. адабий ва маданий алоқалари. Ўзбек ва туркман халклари азалдан иқтисодий, маданий ва адабий алоқада бўлиб келганлар. Алишер Навоийни туркман халқи Мир Али номи билан таниган, унинг асарлари шоир ҳаёт чоғидаёқ туркманлар орасида машҳур бўлган. Навоий ғазалларини туркман бахшилари ҳоз. кунгача ҳам куйлаб келадилар. Хива мадрасаларида таҳсил олган туркман мумтоз шоирлари Озодий, Маҳтумқули, Андалиб Навоийни ўзларига устоз деб билганлар. Айни пайтда Маҳтумқулининг шеърларини билмаган ва куйламаган ўзбек хрфизи йўқ деса бўлади. Андалиб ўзининг «Лайли ва Мажнун», «Юсуф ва Зулайҳо» достонларини Навоий ва Дурбек асарларидан таъсирланиб ёзган.
Маҳтумқулининг танланган шеърлар тўплами ўзбек тилида бир неча марта нашр этилди. Ғафур Ғулом ва Берди Кербобоев, Абдулла Қаҳҳор ва Беки Сейтоқов, Зулфия ва Товшан Эсанова, Асқад Мухтор ва Қора Сейтлиев каби ўзбек ва туркман ёзувчишоирлари ўртасидаги дўстлик адабий алоқалар тарихида муҳим ўрин эгаллайди. Б. Кербобоевнинг «Дадил қадам», «Ойсултон», «Небитдоғ» романлари, X. Деряевнинг «Қисмат» романэпопеяси, Мулланафас, Андалиб, Камина, Б. Кербобоев шеърлари, Ота Кавшутовнинг «Небитдоғ этакларида» романи, Қ. Қулиевнинг «Қора карвон» романи, Т. Тоғановнинг «Дурлар хазинаси» қиссаси ва б. асарлар ўзбек тилига таржима қилинган. Туркман драматургиясининг «Маҳтумқули» (Б. Кербобоев), «Оила номуси», «ким айбдор?» (X. Муталов) сингари намуналари ўзбек театрларида саҳналаштирилган. Ўз навбатида, Ҳ. Х,. Ниёзийнинг «Бой ила хизматчи», А. Қахдорнинг «Шоҳи сузана», Б. Раҳмоновнинг «Юрак сирлари», Сайд Аҳмаднинг «Келинлар қУзғолони» пьесалари туркман театрларида намойиш қилинди. Туркман адибларининг (Б. Кербобоев, Ж. Оразов, Б. Сейтокрв, О. Отажонов ва б.) Ўзбекистон, ўзбек шоир ва адибларининг (Ғ. Ғулом, Шайхзода, Миртемир) Туркманистон мавзуидаги асарлари муҳим.