ТУРНАЛАР (Gruidae) — турнасимонлар туркуми оиласи. 4 уруғга бирлашган 15 тури мавжуд. Йирик, оёқлари ва бўйни узун, қанотлари нисбатан кенг. Европа, Осиё, Шим. Америка, Австралияда тарқалган. Суволди ёки ўта нам экосистемаларда яшайди. Мавсумий миграция даврида қишлаш жойларига катта гала бўлиб учиб кетади. Уясини ерга ўсимликлардан ясайди. 3—6 ёшида вояга етади. Насл учун иккала жинс ҳам ғамхўрлик қилади. 2 — 3 та тухум қўйиб, 1 ойга яқин босади. Болалари 2—3 ой ўтгач, учирма бўлади. Жуфти доимий, узоқ сақланади. Ёш қушлар отаонаси билан қишлов жойига учиб кетади; баҳорда уя қуриш жойларига қайтиб келгандан сўнг алоҳида яшай бошлайди. Ўсимликлар уруғи, куртаги, меваси, ҳашаротлар, майда кемирувчилар, балиқдар, моллюскалар ва б. билан озикланади. Ўзбекистонда оқ турна, кулранг турна ва кичик турна учиб ўтиш даврида учрайди. Жан. вилоятларда кулранг турна қишлаб ҳам қолади. Оқ турна Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи ва Ўзбекистон Республикаси Қизил китобларига киритилган.