ВОИС КУЛОЛ (19-а. ўрталари – Хоразм вилояти Хонқа тумани Мадир қишлоғи—1913) — кошинкор (кошинпаз) уста, кулол, кўзагар. Отаси уста Исмоил б-н бирга ишлаб ҳунар ўрганган. Хоразм меъморлигига ранг-баранг хом кошинлар тайёрлаган, кейинчалик элга юқори сифатли қоплама кошинлар ишлайдиган уста сифатида танилади. Устахонасида катта ҳажмли сопол хум ва кўзалар ишлаб чиқарган; 19-а. охири — 20-а. бошида Хивада қурилган кўпгина йирик ансамблларнинг бош тарзи (фасади) ни безашда иштирок этган. Жумладан Нуруллабой саройи (1906 — 12), Исломхўжа мадрасаси ва минораси (1908—10). почта биноси (1910), касалхона (1911—13) ва б.