ТУРФОН СУЛТОНЛИГИ, Турфон давлати — маркази Турфон ш. бўлган давлат номи. Турфон Буюк ипак йўлица муҳим ўрин тутган жой бўлганлиги сабабли, бу заминда 2 та давлат мавжуд бўлган. Улардан дастлабкиси Турфонда топилган тош битикларда Қўчў (Кужу), Хитой манбаларида Гаочан давлати деб номланган. Мазкур давлатнинг ташкил топган вақти 460 й. га, йўқ қилинган вақти 9-а. нинг ўрталарига тўғри келади. Бу давлатда Будда дини юксак даражада ривожланган. Шу сабабли ғарбга сафар қилган Хитой роҳиблари бу заминни зиёрат қилмай ўтмаган. Қўчў давлати Хитойга яқин бўлганлиги сабабли доим ушбу мамлакатнинг тавдиди остида турган. Хитой императорлари эса Турфонни ўз назорати остига олишга ҳаракат қилган. Турк хоқонлиги даврида Қўчў туркларга тобе бўлган. Қўчў давлатининг пойтахти ҳоз. Турфон ш. нинг шарқий томонида ва 40 км нарида жойлашган Қорақўчў бўлган. Ҳоз. кунда унинг фақат харобаларигина сақланиб қолган.
Иккинчи Турфон давлати 9-а. нинг ўртасида ташкил топган бўлиб, унинг номи тарихда Турфон идиқутлиги деб ҳам аталади. Мазкур давлат Хитой манбаларида Гаочан хуэгугуо, Шичжоу (Сичжоу) хуэйгу гуо деб номланган. Бу Турфон ёки Ғарбий ўлка уйғур давлати маъносини англатади. Ушбу давлат ҳудудига ҳоз. СиньцзянУйғур мухтор рнининг Кўчар, Қорашар, Жимуса, Урумчи, Кумул (Хами) вилоятлари кирган. Турфон ш. юксак маданият ва халқаро савдо марказларидан бирига айланган. Ушбу давлат қорахонийлар хоқонлиги ташкил топганидан сўнг унинг ҳудудига қўшиб олинган.