Қаффол аш-Шоший

Абу Бакр Қаффол Шоший ҳаёти ва фаолияти ҳақида сўзлашдан олдин, унгача ҳам Шош воҳасида юксак илмий муҳит яратган олимлар ҳақида мухтасар гапирмасак, адолатдан бўлмайди. Зеро, ана шу илм муҳити Қаффол Шоший қаторида нафақат юртимизда, балки Ислом оламида машҳур ва буюк истеъдод соҳиблари етишиб чиқишидаунутилмас хизмат қилгани шубҳасиз.

IX—XII асрларда Шош адабиёт, тилшунослик, мантиқ фанлари қаторида ҳадис ва фикҳ илмлари ҳам ривожланган марказлардан бири бўлган. Имом Абдуллоҳ ибн Абу Авона Шоший, Имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Ҳомид Шоший, Абу Саид Исо ибн Солим Шоший, Абу Муҳаммад Жаъфар ибн Шуайб Шоший, Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Хузайм Шоший, Абу Али Ҳасан ибн Соҳиб ибн Ҳамид Ҳофиз Шоший, Абулайс Наср ибн Ҳасан ибн Қосим Шоший-Тункатий, Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Хузайм ибн Қумайр ибн Ҳоқон Шоший каби кўплаб тошкентлик муҳаддислар Ислом оламининг турли шаҳарларидаги мадрасаларда ҳадис илмидан сабоқ беришгани, кутубхоналарда диний-исломий илмларнинг айрим масалалари бўйича мунозараларда етакчилик қилишгани араб манбаларида ёзиб қолдирилган.

Шулардан бири - Имом Абдуллоҳ ибн Абу Авона Шошийдан буюк муҳаддис Имом Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий, Жаъфар ибн Муҳаммад Фарёбий ва бошқалар ҳадис илмини ўрганишади. Ўз навбатида, Абу Авонанинг жияни Абу Али Фазл ибн Аббос Шоший илм талабида Марв ва Ироқда бўлиб, Али ибн Ҳажар, Аҳмад ибн Ҳанбалдан ҳадис сабоғини олади. Юртга қайтиб, илмини Шош аҳлига етказади ва Абу Бакр Қаффол Шоший дунёга келишларидан беш йил аввал (899 йил) вафот этади.

Шошлик фикҳлар

Фиқҳ илми ривожланиш босқичларида араб бўлмаган, айниқса, Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан олимлар хизмати ила юксак даражаларга кўтарилди. Абу Бакр Қаффол Шоший қаторида Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шоший, Абулҳасан Қосим ибн Имом Абу Бакр, Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Ҳомид Шоший, Тоҳир ибн Абдуллоҳ Илоқий, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Довуд Ризвон Илоқий, Абу Ражо Муъмил ибн Масрур ибн Абу Сахл Шоший-Хумракий кабилар ҳам улуғ алломалар жумласидандир.

Салжуқийларнинг буюк вазири Низомулмулк (XI аср) Бағдодда Низомия мадрасасини қурдирган эди. Бу илм даргоҳи замонасининг академияси ҳисобланар, ўқиш истагида араб мамлакатларидангина эмас, Самарқанд, Бухоро, Шош каби Туркистон ўлкаларидан ҳам талабалар келишар эди. Жумладан, Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Шоший (кейинчалик унга “Мустазҳирий” унвони ҳам берилган) (1038-1114) ҳам Бағдодга келиб, Низомия мадрасасида ўқиган, машҳур фақиҳ Абу Исҳоқ Шерозий, Абу Наср ибн Саббоғлардан фиқҳ илмини ўрганган эди. Бир неча йилдан кейин унинг ўзи ҳам мазкур мадрасада мударрис этиб тайинланади ва “ҳужжатул ислом” Абу Ҳомид Ғаззолий, устози Абу Исҳоқ Шерозийлар қаторида талабаларга дарс беради. Ўз даврида пгуҳрат қозонган аллома Шоший-Мустазҳирий Бағдод фақиҳлари раиси бўлган.

Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Шоший (1007-1092) ҳам фиқҳ илмида шуҳрат қозонгач, «Имом» дея тилга тушди. Уни Ғазна султони ўз шаҳрига таклиф қилиб, иззат-икром билан қаршилайди. Ғазнада фиқҳ бўйича асарлар битади. Сўнгра уни вазирулаъзам Низомулмулк Ҳиротдаги Низомия мадрасасига мударрислик қилишга юборади. Олим Ҳиротда вафот этган.

Имом Абу Бакр Каффол Шошийнинг ҳаёти ва ижоди

Имом Абу Бакр Қаффол Шоший ҳазратлари Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний каби Ислом оламининг мовароуннаҳрлик буюк алломалари орасида алоҳида ўрин эгаллайди. Замондошлари Ҳазрати Имом деб улуғлаган бу зотнингтўлиқ исми Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил Қаффол Шоший бўлиб, араб манбаларида у кишига алоҳида хурмат кўрсатилиб, номига “катта”, “улуғ” маъносини ифодаловчи “кабир” сўзини қўшиб ёзадилар. 

Қаффол Шоший ҳижрий 291 (милодий 903) йили Шошда туғилиб, болалиги ва ёшлиги шу ерда ўтган. Муфтий Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон (раҳматуллоҳи алайҳ) таъкидлашича, дастлабки илмни замонасининг машҳур муҳаддиси ва фақиҳи Ҳайсам ибн Кулайбдан олган. Кейинроқ у илм талабида Мовароуннаҳрдаги маърифат ўчоқлари - Самарқанд, Бухоро, Термиз каби шаҳарларда бўлади. Ўзидан олдинроқ яшаб, бебаҳо диний-илмий мерос қолдирган Имом Бухорий, Имом Термизий каби уламои киромлар асарларини қунт билан ўрганади.

Аллома моҳир ҳунарманд ҳам бўлиб, қулфсозликда шуҳрат қозонган. Шу боис “қаффол”, яъни қулфчи, қулфсоз деган ном билан танилганлар. Бу ҳақда машҳур тарихчи Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад Самъоний (1113-1167) “Ал-Ансоб” (“Насабнома”) асарида бундай ёзади: “Қаффол” - қулфсозлик касбига нисбат берилган. Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил Қаффол Шоший Шош аҳлидан бўлиб, қулфсозликда шуҳрат қозонган. У замонасининг имоми (пешвоси) бўлиб, фиқҳ, ҳадис, усул, тилшунослик илмлари бўйича тенги йўқ олим эди. Қаффол Шошийнинг номи мағрибу машриққа ёйилган”.

Шайх Муҳйиддин Нававий (1233-1277) таъкидлашича, агар Қаффол Шоший эсга олинча, демак, гап  буюк имом Абу Бакр Қаффол Шоший ҳақида кетаётган бўлади, агар Қаффол Марвазий ёдга олинса, кейинроқ яшаб ўтган Кичик Қаффол ҳақида сўз бораётган бўлади. Шоший (Катта Қаффол) номи тафсир, ҳадис, усул, калом илмларида такрор-такрор зикр этилади. Аммо Марвазий (Кичик Қаффол) исми эса фиқҳга тааллуқли асарлардагина учрайди “Таҳзибул асмо”, 2-жилд 556-бет).

Милодий X асрда яшаган Қаффол Шоший ҳазратлари улуғ қомусий алломалардан бўлган. Ислом оламидаги обрў-эътибори, илмий салоҳияти хақида машҳур араб тарихчилари асарларида кўп яхши гапларни битиб қолдиришган. Жумладан, Ибн Халликон (1211-1282) “Вафоётул аъён” (“Улуғ кишилар вафоти саналари”) китобида: “Абу Бакр Қаффол Шоший замонасининг имоми (пешвоси) бўлган. У фиқҳ, ҳадис, усул, тилшунослик фанлари ва шеър санъати бўйича Мовароуннаҳрда олимлар орасида тенгсиз эди. У Хуросон, Ироқ, Ҳижоз, Шом ва Сугур (Шимолий Сурия)га сафар қилган, унинг донғи бу ўлкаларда кенг тарқалган”, деб қайд этади.

Мисрлик тарихчи Тожуддин Субкий (1370 йил вафот этган) “Табақотуш шофиъия ал-кубро” (“Шофиъиянинг улуғ даражалари”) асарида: “Абу Бакр Қаффол Шоший тафсир, ҳадис, калом, усул, фуруъ, лугат ва шеърият илмларида ҳамда зуҳд ва тақвода, очиққўлликда замонасининг пешқадамларидан бўлган. У кўп илмлар муҳофазасида жонкуяр, ўзи келтирган нарсаларни таҳқиқ этиб, уларни гўзал тасарруф қилувчи замон шахсларидан бири эди”, деб таърифлайди.

Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад Самъоний “Ал-Ансоб” (“Насабнома”) китобида: “Сайхун дарёси ортидаги, турклар билан чегарадош шаҳар “Шош” деб аталади. Бу ердан кўплаб имомлар етишиб чиққан”, дея шошлик олимлар тўғрисида маълумотлар келтириб, жумладан, Қаффол Шоший ҳақида бундай ёзади: “Имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил Қаффол Шоший бўлиб, тафсир, ҳадис, фиқҳ, тилшунослик илмлари бўйича замонасида унга тенг келадиган олим йўқ эди... Нақл:

Бу Абу Бакр қулфсоз фақиҳ,

Фиқҳ билан қийин қулфларни (масалаларни) очувчидир.

Усулул фиқҳ илми диёримизда милодий X асрда шакллана бошлагани маълум. Ахди сунна вал жамоанинг пешволаридан бўлмиш Қаффол Шоший илк бор бу илмга доир асар ёзган. Бу мазҳабнинг фиқҳий масалаларини дастлаб Имом Шофиъий ишлаб чиқиб, асар ёзган бўлса-да, уни Қаффол Шоший тараққий эттирди. Унинг ҳуқуқшуносликка доир “Китоб фи усулил фиқҳ” асари ўз даврида Ислом дунёсида кенг кўлланилган.

Мовароуннаҳрда шофиъий ва ҳанафий олимлари ўртасида дўстона муносабатлар қарор топганининг асосий омилларидан бири шундаки, шофиъий мазҳаби асосчиси Имом Муҳаммад ибн Идрис Шофиъий бир неча йил Бағдодда яшаб, Имом Абу Ҳанифанинг энг яқин шогирди Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийдан ҳанафийлик таълимотини ўрганган ва ўзлаштирган. Имом Шофиъийнинг Муҳаммад Шайбонийга катта эҳтиром билдириб: “Ундан бир туяга юк бўладиган нарсаларни ёзиб олганман”, дегани қайд этилади.

Дипломатик фаолияти

Шарқшунос олим, марҳум Баҳриддин Маннонов ёзишича, ҳижрий IV (X) асрга келиб, Рум империяси иккига бўлиниб кетади. Бу ҳудуднинг шарқий қисмида қарор топган мустақил Византия империяси таъсир доираси нафақат Болқон яримороли ва Шарқий Оврупада, балки Қора денгиз қирғоқлари, Кавказнинг ғарбий қисми, Кичик Осиёнинг шарқигача бўлган жойларда ҳам мустаҳкамланади. Константинопол халифалик тасарруфига ўтган ҳудудларни қайтадан эгаллашга киришади. Шу мақсадда олиб борилган жангларда Византия қўшинлари бир неча бор ғалабага эришадилар... Византия империясининг Бағдод халифалигига, умуман, Ислом оламига қарши хуружлари ҳар тарафлама авж олиб кетади.

Қаффол Шоший Ислом дунёсининг турли ўлкаларига илм-маърифат излаб, сафар қилар, ҳаж ибодатини адо этишга тез-тез Маккага борар, қайтаётганида Бағдодда бирмунча вақт туриб, билимларини оширишга ҳаракат қилар эди. Бир гал у Бағдодда тўхтаганида нохуш воқеа устидан чиқиб қолади.

Византия императорининг қўмондони Тағфур аббосийлар халифалигига тегишли Шомнинг шимолий қисми ва Антокияни босиб олиб, халифалик пойтахтига ҳам хавф солади. У Бағдод халифасига шеърий мактуб-таҳдид жўнатади. Мактубда бундай сатрлар бор эди:

“Дамашқдур ота-бобомиз юрти,

Унинг заминига мен соҳиб ўзим.

Мисрни фатҳ этгум шамширим билан,

Чексиз саҳроларда кулар юлдузим.

Ундан сўнг Маккага қараб йўл олсам,

Тундек босиб борар ботир қўшиним.

Куддусга йўл олиб толмасман йўлда,

У ерда тиклагум муқаддас устун...”

Ўша вақтда Бағдодда кўзга кўринган олим ва шоирлар кўп бўлса ҳам, ҳеч ким Тағфурнинг бу таҳдид хатига жавоб ёзишга ботина олмайди. Халифа хатга жавоб ёзишни Имом Қаффол Шошийга топширади. Ҳазрати Имом душман хатига жавобан бундай оташин мисраларни битади:

“Қудрат-ла қувдик биз сизни Рум сари,

Туяқуш мисоли қочдингиз нари.

Қочдингиз қонталаш кирпи сингари,

Бизларни Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) боишар илгари! Пайғамбар ҳурмати, қирмадик сизни,

“Бизларда бор эди шиддат ва қудрат.

Шом ерин фатҳ этдик бўлиб зарурат,

Миср, Қайравонни, Андалусни ҳам.

Бошингиз мажақлаб, зўр келдик ҳар вақт,

Байтлаҳм, хароба шаҳарлар қатор.

Искандарияда бўлди зафар ёр,

Қуддус, Иерусалимда ғалабамиз бор!

Сизларни енголдик биз мардонавор.

Илму ирфонимиз қадимдан машҳур...

Бемаза шеърингиз бўлмагай манзур.

Бизнинг ашъоримиз дурдона, мақбул,

Билгувчи одамга бағишлар ҳузур...”

“Табақотуш шофиъия”да берилган шеърий мисралардан ушбу парчани марҳум устоз Нодирхон ибн Алоуддин ўзбек тилига таржима қилган.

Шубҳасиз, Тағфур таҳдид хати орқали мусулмонларнингўша вақтдаги маънавий савиясини билмоқчи бўлган. Имом Қаффол Шошийнинг шеърий мактуби эса унга муносиб жавоб, сезиларли зарба бўлиб тушган. Ҳатто Византия адиблари, коҳинлари ҳам: “Мусулмонларнинг шундай шоирлари борлигини билмас эканмиз”, деб тан олганлари жуда эътиборлидир.

Бу ҳақда Хожа Аҳрор Валийнинг шогирди Шайх Абу Аҳмад Муҳаммад Қозий Шоший қаламига мансуб “Силсилатул орифин” (“Орифлар силсиласи”) китобида батафсил ёзилган: “364 ҳижрий йилда вафот қилган Абу Бакр Муҳаммад ибн Али Қаффол Шоший Кабир замонасининг машҳур уламоларидан бўлиб, ўзлари туғилган Шош (Тошкент) шаҳрида истиқомат қилар эдилар. У зот кўп маротаба ҳажга сафар қилиб, боришда ва қайтишда аксар илмларини олган Бағдодга кириб ўтар эдилар. Бир галги сафарларида Бағдодга келсалар, уламоларнинг ниҳоятда саросимада қолишганини кўрдилар. Чунки Рум подшоҳи - қайсари ибрий тилида халифага бир қасида юбориб, ё пгу қасидага муносиб жавоб ёзасизлар, ё ҳар йили ўлпон тўлайсизлар ёки урушга тайёрланаверинглар, деб талаб қилган эди. Ўша пайтда уларнинг Рум билан урушишга имконлари йўқлиги ва талаб қилинган ўлпонни тўлаш учун етарли маблағлари бўлмаганидан, қасидага жавоб ёзишга мажбур эдилар. Бағдоднинг жами уламо ва фозиллари йиғилишди. Лекин қасидага мос келадиган жавоб ёзишга барчалари ожиз қолишди. Рум элчиси эса уларни шошилтирар эди. Шайх Бағдодга кириб келганларида, турклар юртидан Бағдодга бир забардаст олим келибди, деган хабар тарқалди. Халифа одам юбориб, у киши жавоб қасидаси ёзса, эвазига хоҳлаган нарсасини беришини айтади”.

Қаффол Шоший ҳаёти ва фаолиятига доир ибрат олса арзигулик бундай хабарлар тарихий манбаларда кўплаб учрайди. Махдуми Аъзам авлодларидан бўлмиш Саййид Маъсумхон ўғли Хожа Муҳаммад Ҳакимхон қаламига мансуб «Интиҳобут тавориҳ» асари қўлёзмасида ҳам бу фикрнинг исботини кўриш мумкин:

“Шайҳ Абу Бакр Қаффол Шошийнинг “Мақомот”ларида зикр қилинишича, Ҳазрати Шайҳ ўз ҳаётларини уч қисмга бўлган эканлар. Бир йил Рум тарафга ғазотга борар эканлар. У пайтда Рум ҳануз Ислом шарафига муяссар бўлмаган экан. Бир йил ҳажга борар эканлар. Бир йил ўз вилоятида ўтириб, халқни Ҳаққа даъват қилар эканлар”.

“...Нақл қилинишича, Ҳазрати Шайҳ ғазотга бориб, румликлар билан жанг қилган йили аҳли Исломга шикаст етиб, кўпгина мусулмонлар билан бирга Ҳазрати Шайҳ ҳам асирга тушадилар. Ҳазрати Шайҳни Рум подшосининг олдига олиб келганларида, подшоҳ Ҳазрати Шайҳга боқиб: “Сен бу вилоятнинг одамига ўхшамайсан, ростини айт, қаердансан?”, деб сўрайди. Ҳазрати Шайҳ: “Шош вилоятиданман”, дейдилар. Подшоҳ: “Сен менинг ибрий тилидаги мактубимга жавоб ёзган одам эмасмисан?” деб сўрайди. “Ҳа”, деб жавоб берадилар. Подшоҳ дейди: “Сен биз учун Тавротни араб тилига ўгир, сенинг ва асир мусулмонларнинг гуноҳидан ўтаман ва кўп неъматларни инъом қиламан!” Шайх унга: “Майли, розиман, аммо шартим шуки, Таврот қандай нозил бўлган бўлса, араб тилига худди ўшандай таржима қиламан. Аммо ҳозир сизларнинг қўлларингиздаги Таврот ўзгартирилгандир!” - деб жавоб қиладилар. Подшоҳ дарғазаб бўлиб: “Агар бу ишни қилмасанг, сени асир мусулмонлар билан бирга қатл эттираман!” деб дағдаға қилади. Шайҳ дейдилар: “Нимани хоҳласанг, шуни қил! Мен Ҳақдан нозил бўлган Тавротдан ўзга Тавротни арабча қилмайман!” Подшоҳ вилоятнинг уламолари ва улуғлари билан маслаҳат қилиб, охири рози бўлиб: “Майли, сен уни арабча қил, аммо биз Муҳаммаднинг шарҳларига келганда кўзимизни юмамиз ва уни ўқимаймиз!” дейди.

Алқисса, Ҳазрати Шайҳ Малики Алломга ёлбориш ва зорланиш билан кўмактилаб, Тавротни арабчалаштиришга киришдилар. Озгина фурсатда шундай катта ишнинг уддасидан чиқиб, Тавротни бошдан-оёқ арабча қилдилар. ...Рум подшоҳи Ҳазрати Шайхга кўп инъомлар бериб, аҳли Исломнинг барчасини озод қилди”.

Қаффол Шоший эса бу фидойиликдан ҳам ўзи кўз очиб дунёни таниган Шош аҳлига манфаатлар етишини истаган.

Асарнинг давомида ўқиймиз:

“Ўн минг асир халос бўлғони билан Ҳазрати Имом Бағдод халифасининг ҳузурига келиб, кўп ҳурматли бўлиб, “Мендан тиланг”, деганида бир нома тиладиларким, Тошкент шаҳрининг волийи, яъни ҳокимининг номиғаким, қадимги подшоҳлардан қолған ариғлар ботил бўлиб (кўмилиб кетиб), Тошкент шаҳриға сув келмоғи машаққат бўлибдир. Имкони бўлса, вилоят ҳокими буйруғингиз бўйича бош бўлиб, сувни жорий қилиб берса, дедилар.

Халифа нома ёзиб, бир юзу олтмиш мингтанга аббосий хазинасидан бердиларким, сув учун чиқиб ишлаганларга овқат бўлсин деб. Ҳазрати Имом мазкур танга билан номани келтуриб, вилоят ҳокимига бердилар.

Ҳоким кўп халойиқни тўплаб чиқуб, кўп кунлар ариқ қазиб, банд боғлаб, сувларни жорий қилди. Ҳоло Тошкент суви ўшал Ҳазрати Имомнинг таважжуҳлари билан бўлғон сувдир”.

“Мулҳакатус сароҳ” муаллифи бундай ёзади:

“Ул зот асрининг ҳимояга муҳтожлик сезмаган (улуғ) имоми эдилар. Унинг махфий бўлмаган тафсир, фатво ва икковидан бошқа юксак таснифлари бор. “Шавоҳидун нубувват” (“Пайғамбарлик гувоҳлари”), “Далойилул қибла” (“Қибланинг далиллари”) ва бошқалар каби. Имом Ғаззолий, Имом Нававий ва Имом Розий китоблари ундан (ул зотнинг китобларидан) нақл қилиш билан тўладир. Ул зот ўз асрининг ягонаси эди. Имом Абу Бакр Қаффол Шошийнинг йигирма жилдлик тафсири бор. Унда Қуръоннинг тартиби ва луғати баён қилинган”.

Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил Қаффол Шоший ҳижрий 366 (милодий 976) йили Тошкентда 75 ёшида вафот этади. Ҳозирги “Ҳазрати Имом” мажмуаси ҳудудидаги Кайковус ариғи ёқасидаги қабристонга дафн қилинади. Унинг ўша даврларда қурилган қабристони шамоллар ва вақт ўтиши билан вайрон бўлиб, XVI асрда (1542 йил) Темурийлар авлоди, меъмор Ғулом Ҳусайн томонидан қурилган.

Мақбара XVI аср меъморчилигининг нодир асари бўлиб, тўрт тарафи мовий гумбазли тўртбурчак шаклда. Бино пишган ғиштдан қурилган, меъмор-усталарнинг исми ва иншоотининг қурилган сана келтирилган тарихий ёзув туширилган кошинлар билан безатилган. Ойналари Тошкентга хос анъанавий ганч панжаралара билан безалган.

Қаффол Шоший мақбараси хонақоҳи ассиметрик режалаштирилган, кўп ҳужрали ноёб мақбара турига киради. Хонақоҳи мажмуий иншоот кўринишида бўлиб, ўз ичига кельялар, масжид, даҳма, ошхона ва бошқа хоналарни олади. Улар зиёратчиларга яшаш ҳужраларида қулайлик яратиш учун қилинган.

Қаффол Шоший қабртошининг икки томонига чиллахона қўшилган бўлиб, мақбаранинг бўртган эшигида жойлашган. Бу ердан сал пастроқда ўғиллари “Буюк Имом” — Муҳаммад ат-Шоший ва Низомиддин Шоший мақбаралари жойлашган. Мақбарада, шунингдек, Боғдоддан Тошкентга келиб, шу ерларда қолиб кетган Муҳаммад Номи ва унинг отаси Хожа Калонлар ҳам дафн этилган. Бош бинонинг жанубида кичик ҳовлида қадимийроқ кўмиш жойи ўрин олган бўлиб, “сағана” номини олган. Мақбарага киришда Ҳофиз Кўҳақий ва Улуғбекнинг набираси, буюк олимнинг ўқувчиси ва издоши Али Қушчи дафн этилган. Кириш қисмининг чап тарафида таниқли ҳиротлик шоир, Барақхоннинг устози Зайниддин Васифий дафн этилган.

Буюк Имомнинг мақбараси жуда оммабоп ва бутун мусулмонлар оламида юқори улуғланади. У имонлиларнинг кўзга кўринган табаррук қадамжосига айланиб, шаҳарнинг эски шаҳар қисмининг бутун Себзор аҳолиси орасида Ҳазрати Имом номи билан танилган.


Кирилл алифбосида мақола: Қаффол аш-Шоший ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Энсиклопедия фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



ИСЛОМ
Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ИБН СИНО
ТОШКЕНТ
ФОРОБИЙ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты