ОЛЛОҚУЛИХОН МАДРАСАСИ — Хивадаги меъморий ёдгорлик (1834— 35). Мадраса қурилиши Ичан қалъанинг яхлит ансамбль бўлиб шаклланиш тарихи билан боғлиқ. Ўрта Осиё меъморлигида кенг тарқалган қўшмадраса услубида, Олло-қулихон тими, Хўжамбердибий мадрасаси, Полвон дарвоза билан ўзаро боғланган. Оллоқулихон мадрасаси сунъий тепалик (бал. 3 м) устига курилган, шу туфайли қўшни бинолардан анча баланд кўринади. Мадраси тўғри тўртбурчак тарҳли (62,45×47,0 м), пештоғи ғарбга қараган. Бош тарзини миён-сарой, масжид ва дарсхона ҳамда 2 қаватли ҳужралар эгаллаган. Эшикдаги ёзувда бинонинг курилган санаси сақланган. Ҳовли (34,6×29,4 м) томони ўзига хос, ундаги 2 қаватли қатор ҳужралар Полвон дарвозанинг кичик гумбазлари устига ва қисман тим гумбазлари чеккасига жойлашган. Мас-жид ва дарехона (4,8×4,8 м) тузилиши бир хил. Усти ярим айлана шаклидаги пастак гумбаз билан ёпилган. Деворларидаги чуқур равоқлар ҳисобига хона кенг кўринади. Айвон (5,5×5,5 м) Мадраса ғарбида жойлашган, меҳроби ганчли муқарнасдан «ироқи» услубида безатилган. Ҳужралар (99 та)нинг ҳар бирида биттадан эшик, тобадонига панжаралар ўрнатилган.