ШЕЪР ТУЗИЛИШИ — шеърий нутқнинг давомийлиги, ритми ва мусиқийлигини уюштирадиган усул; адабий-бадиий восита. Назм воситасидаги нутқ, яъни шеърий нутқ насрий нутқдан Шеър тузилиши қонуниятларига кўра ва шу қонунқоидаларга қатъий амал қилиниши билан фарқланади. Шеър тузилиши аслида ўзига хос мураккаб тизимни ташкил этади. Чунки шеърнинг яратилишида жуда кўплаб ғоявий ва бадиий унсурлар иштирок этади. Жумладан, мавзу, ғоя, банд, нақарот, ритм, вазн, қофия, интонация, пауза, урғу, поэтик тимсоллар, фонетик усуллар, бадиий санъатлар, сюжет, тимсол, композиция, конфликт ва бошқалар унсурларнинг аниқ, ягона бир тизимга бирикувидан шеър пайдо бўлади.
Шеър тузилиши даги мазкур жиҳатларни шартли равишда 2 гуруҳга ажратиш мумкин: мазмунга оид унсурлар ва шаклга оид унсурлар. Шеър тўқимасида бу унсурлар бир-бирига чамбарчас боғлиқ ва уларни сира бир-биридан ажратиб бўлмайди. Шеърда бир унсур иккинчисига, айни дамда, иккинчиси биринчисига ўтиб туриши, баъзи ҳолларда эса бир унсур ҳам мазмун, ҳам шакл вазифасини ўташи мумкин (мас, тимсол). Шеърда мазмун ва шакл бир бутун ҳолда воқеъ бўлади. Шеърда мазмун ва шакл мутаносиблиги ҳақида Алишер Навоий шундай ёзган: Назмда ҳам асл анга маъни дурур, Бўлсун анинг сурати ҳар не дурур. Назмки маъни анга марғуб эмас, Аҳли маони қошида хўб эмас. Назмки ҳам сурат эрур хуш анга, Зимнида маъни дағи дилкаш анга.
(«Ҳайрат улаброр») Ш. т. да, асосан, 5 шаклий унсур иштирок этади, булар: вазн, қофия, банд, такрир ва тажнис Бу жиҳатлар насрда ҳам учраши мумкин. Бироқ улар насрда мунтазам равишда мавжуд эмас Вазн — шеър ўлчови ёки меъёрини билдиради. У шеърий нутқни насрий нутқдан ажратиб турувчи асосий унсурлардандир. Вазн баъзан сажъда ва арузнинг баҳри таъвил шаклида ҳам учраши мумкин. Қофия эса оҳангдош сўзларни шеър мисра (байт, банд)ларида тизимли бўлиб келишидир. У еажъ ва бошқалар шаклдаги асарларда ҳам қўлланади. Банд — шеърнинг алоҳида қофияланиш тартибига эга ритмик бўлаги. У қофия ва интонация билан бириккан мисраларнинг муайян тартиб асосида такрорланишидир. Вазн ва бандни тилдан ажралган ҳолда, турли жадваллар ва белгилар билан ҳам кўрсатиш мумкин. Аммо қофия, такрир (сўз такрори) ва тажнис (жинсдош сўзлар) тил материалидагина кўринади.
Шеър тузилиши тараққиётида унинг миллий ва байналмилал томонлари кўзга ташланади. Миллий томони миллий тил табиатига суянганлигида кўринади (мас, қофия миллий тил билан боғлиқ миллий унсур бўлиб, унинг ифодаланишида яққол намоён бўлади). Тарихан халқларнинг ўзаро бир-бирларига яқинлашишлари натижасида турли халқларнинг Шеър тузилиши ҳам ўзаро яқинлашади. Мас, ўзаро яқин миллий тил гуруҳларида Шеър тузилиши бир-биридан кескин фарқ қилмайди (мас, туркий халқлар). Шеър тузилишининг байналмилал томони эса такомиллашув йўли билан тараққий этиб, шакл ўзгариши тарзида секин-аста ўзгариб борган. Шеър тузилиши унсурлари турли миллатлар учун муштарак бўлиши ҳам мумкин (мас, бармоқ ва аруз аксар туркий халқларда ишлатиб келинади; банд ҳам кўплаб халқлар Шеър тузилиши учун байналмилал ҳодиса; сонет ёки ғазал жаҳоннинг кўпгина халқлари шеъриятида қўлланган ва қўлланмоқда).
Шеър тузилиши тарихий тараққиёт, давр услуби ва маданийадабий анъаналар билан узвий алоқада яшайди. Бир Шеър тузилишида турли шеър тизимларининг имкониятлари мавжуд бўлиши ва улар тарихий тараққиёт натижасида биринкетин рўёбга чиқиши мумкин.
Ҳар қандай Шеър тузилиши даги вазн асосида бўғин туради. Бироқ шеър тизимларининг характери бўғиннинг қайси хусусиятига таянишига боғлиқ. Силлабик тизим, шу жумладан, ўзбек бармоқ тизими бўғинларнинг сонига, тоник тизим урғусига, силлабиктоник тизим эса бўғиннинг урғули ва урғусизлигига таянади, аруз эса бўғиннинг чўзиққисқалигига қарайди.
Ўзбек Шеър тузилиши тарихида қуйидаги ҳолатлар назарда тутилиши шеършунослар томонидан таъкидланади:
1) туркий халқлар, хусусан, ўзбек Шеър тузилишининг «фольклор типи» даври. Бунда синтактик параллелизмга таянилган. Мисралар дастлаб бўғин сони жиҳатидан тенг бўлмаган, уларни шеърий аллитерация, товуш усуллари ва сўз такрори уюштирган, қофиялар билан сўз такрорлари аралаш ҳолда мисра ичида жойлашган (қофиянинг мисра охирига чиқиши кейинги даврларга хос ҳодисадир). Буни ўзига хос бармоқ шеър тизими даври, дейиш ҳам мумкин; 2) аруз вазнига асосланган Шеър тузилиши даври. Аруз араб халқ оғзаки ижоди негизида 8-асрда шаклланган ва ислом динининг ёйилиши билан аввал Эронга, кейин Ўрта Осиё халқлари, хусусан, ўзбек адабиётига кириб келган ва 11-асрдан қўллана бошлаган. Жуда кўплаб дурдона асарлар шу Шеър тузилишида яратилган; 3) эркин вазнга асосланган Шеър тузилиши ўзбек адабиётига 20-асрнинг 20-й. ларида рус тоник шеър тизими таъсирида кириб келди. Бироқ бу вазн ўлчов, қофия, банд жиҳатидан эркин бўлсада, алоҳида тизим эмас, балки бармоқ вазнининг содда, қўшма, аралаш, мураккаб каби вазн турларидан биридир;
4) бўғинурғу, миқдорурғу ва қоришиқ шеър тизимлари. Булар нисбатан кейинроқ пайдо бўлган тизимлардир.
Бироқ юқорида саналганлардан фақат 2 таси — бармоқ ва аруз тизимлари ўзбек Шеър тузилишининг асосини ташкил этади. Негаки, ўзбек шеърияти, асосан, бармоқ ва арузда яратилган. Қолган шеър тизимлари — эркин вазн, бўғинурғу, миқдорурғу ва қоришиқ тизимлар у қадар кенг тарқалмаган.
Ад. Йззат Султон, Адабиёт назарияси, Т., 1980; Адабий турлар ва жанрлар, Т., 1992; Бобоев Т., Шеър илми таълими, Т., 1996.
Отабек Жўрабоев.