ТОЖИЕВ Тўлқин Жўраевич (1936. 13.4, Тошкент) — Ўзбекистон халқ артисти (1988). Тошкент театр ва рассомлик санъати интини тугатган (1959). 1959—96 й. лар Ҳамза театрида актёр. Асосий роллари: Бобчинский ва Хлестаков (Н. Гоголь, «Ревизор»), Эдгар, Яго (У. Шекспир, «Қирол Лир», «Отелло»), Мансур ва Жомий (Уйғун, И. Султон, «Алишер Навоий»), Ориф (И. Султон, «Имон»), Абдуллатиф (М. Шайхзода, «Мирзо Улуғбек»), Жонтой (Ч. Айтматов, «Сарвқомат дилбарим») ва б. Яго — унинг саҳнадаги энг мураккаб, айни вақтда энг муваффақиятли ролларидан бири. У яратган образларида ҳар бир қаҳрамонга хос характер, унинг ташқи кўриниши ва ички кечинмаларини очиб беришда актёр маҳоратининг баркамоллиги кўзга ташланади. Чуқур психологик талқин, ижтимоий характернинг ўткирлиги, ёрқин миллий колорит Т. ижодига хос. Тожиев кинодаги роллари билан ҳам танилган: Журжоний («Абу Али Ибн Сино»), Ҳаким («Иккинчи баҳор»), Маҳмуд («Маҳаллада дувдув ran»), Қуддус («Беш оғайнилар»), Омон («Бу ердан чегара ўтади», 3 кисмли), Тоғаев («Сиз кимсиз?»), Қодиров («Қора балиқ изи», беш қисмли, «Ленфильм»), Ҳасанов («Ҳаёт сенинг қўлингда») ва б. Т. дубляж санъати усталаридан. Радиола «Табассум» эшиттириши, «Қармоқ» сатирик радиожурналининг бошловчиси сифатида танилган. «Дўстлик» ордени билан мукофотланган (1997).